ГРАВИТАЦИОН ТРАНСПОРТ

ГРАВИТАЦИОН ТРАНСПОРТ — юкларни фақат ўз оғирлик кучи ҳисобига ташиш (мас, юқоридан пастга тушириш) учун мўлжалланган қурилмалар мажмуи. Материаллар ва донали юкларга мўлжалланган. Винтли, роликли ва текис новсимон хиллари бўлади. Гравитацион транспортнинг энг оддийси ерга нисбатан маълум бурчак остида ўрнатилган нов бўлиб, юқоридан пастга тушириладиган юк новдан сирпантириб юборилади. Юкларни анча баланддан тушириш учун қия новлар қўл келмайди, чунки улар кўп жойни эгаллайди. Бундай ҳолларда тик ўқ атрофида винт чизиғи бўйлаб ишланган нов — винтли туширгичлардан фойдаланилади. Гравитацион транспорт корхоналарнинг цехларида материал, узел ва деталларни бир жойдан иккинчи жойга, мас, юқори қаватдан пастки қаватга туширишда қўлланилади.

Loading...