ГРЕНАДА

ГРЕНАДА (Grenada) — Кариб денгизидаги Гренада о. ва Гренадина о. лари жан. қисмидаги давлат. Майд. 344,5 км2. Аҳолиси 98,9 минг киши (1999). Пойтахти — Сент-Жоржес ш. Маъмурий жиҳатдан 7 туманга бўлинган.

Давлат тузуми. Гренада — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибида мустақил давлат. 1974 й. Конституциясига мувофиқ давлат бошлиғи Буюк Британия қироличаси. Қиролича номидан генерал-губернатор иш кўради. Қонун чиқарувчи орган икки палатали (сенат ва вакиллар палатаси) парламентдир. Ижроия ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги хукумат амалга оширади. Парламент сайловида кўпчилик овоз олган партиянинг раҳбари бош вазир этиб тайинланади.

Табиати. Гренада ороллари вулканлардан ҳосил бўлган. Ҳозир ҳам бу ерда бир неча вулкан чўққилари бор (энг баланд нуқтаси 840 м). Иқлими — субэкваториал, денгиз иқлими. Ўртача йиллик т-ра 26° атрофида, йиллик ёгин 1500 мм дан ошади. Сернам тропик ўрмонлари доимо яшил.

Аҳолисининг 50% дан кўпроғи негрлар, 40% дурагайлар; индейслар ва европаликлар ҳам яшайди. Расмий тили — инглиз тили. Диндорлар — асосан христиан. Шаҳар аҳолиси — 32%.

Тарихи. Оролни 1498 й. X. Колумб кашф этган. 1650 й. дан Франция эгаллаган. 1783 й. Версаль сулҳ шартномасига биноан Буюк Британия мустамлакаси. 1967 й. да Буюк Британия уни «Буюк Британия б-н бирлашган давлат» деб эълон қилди. 1974 й. фев. да мустақилликка эрищди. Шу йилдан Гренада — БМТ аъзоси. Миллий байрамлари — 7 фев. — Мустақиллик куни (1974), 13 мартИнқилоб куни (1979).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Миллий партия, 1989 й. да тузилган; Миллий демократик конгресс партияси, 1987 й. да асос солинган; Янги миллий партия, 1984 й. да тузилган; Г. бирлашган лейбористлар партияси, 1950 й. да асос солинган; Морис Бишоп номидаги ватанпарварлик ҳаракати партияси, 1984 й. да тузилган. Гренада касаба уюшмалари кенгаши 1955 й. да тузилган.

Хўжалиги. Иқтисодиётининг асосини қ. х. ташкил этади. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 15,5%, саноатнинг улуши — 6%. Асосан банан, какао, кокос ёнғоғи, мускат ёнғоғи (жаҳонда 2-ўрин), пахта, цитрус мевалар, шакаркамиш етиштирилади.

Чорвачилигида қорамол, чўчқа боқилади; балиқ овлаш, ўрмончилик ҳам ривожланган.

Саноатида қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаб, ёғ, ром, пиво, алкоголсиз ичимликлар, шунингдек, мебель, кийим-кечак ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар бор. Йилига ўртача 51 млн. кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Хорижий сайёҳлар мамлакат иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга. Т. й. йўқ. Асосий денгиз порти ва халқаро аэропорти — Сент-Жоржес ш. Четга мускат ёнғоғи, банан, какао чиқаради; четдан озиқовқат ва саноат моллари, транспорт воситалари, ёқилғи, машина, асбоб-ускуна, маъданли ўғит, кийим-кечак ва б. келтирилади. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: АҚШ, Канада, Буюк Британия, Пул бирлиги — Шарқий Кариб доллари.

Маорифи. Гренада маорифи инглизча тизим таъсирида таркиб топган. 6—14 ёшли болалар учун мажбурий бепул таълим жорий этилган. Хусусий мактаблар ҳам бор. Бошланғич мактабда ҳам, ўрта мактабда ҳам ўқиш муддати — 7 й. Ҳунар-техника ва пед. билим юртлари бор. Гренадада ВестИндия ун-тининг 1 та ф-ти жойлашган.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Гренадада инглиз тилида «Гавернмент газетт» («Ҳукумат газетаси»), «Гренада гардиан» («Гренада посбони»), «Гренадиан войс» («Гренада овози») ҳафталик газ. лари чиқади. «Гренада бродкастинг нетуорк» радиоэшиттириш хизмати 1972 й. да тузилган, «Гренада бродкастинг корпорейшн телевижи» телекўрсатув хизмати мавжуд.

Loading...