ГРЕНЛАНДИЯ КИТИ, қутб кити (Balaena musticetus) — сут эмизувчилар синфининг тишсиз китлар кенжа туркумига мансуб ҳайвон. Уз. 21 м гача, боши жуда катта, оғиз бўшлиғида танглайдан ўсиб чиққан 3—4 м келадиган 300—400 тача шохсимон пластинкалар — кит «мўйлов»лари бор. Орқа сузгичи бўлмайди. Усти ва биқинлари кулранг ёки қора, томоғи ва баъзан қорни оқиш. Майда умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Гренландия кити, асосан, Атлантика океани ва Тинч океаннинг шим. р-нларида тарқалган, ҳозир Чуқот ва Беринг денгизларида камдан-кам учрайди. Кузда урчиб, баҳорда (икки йилда бир марта) уз. 5 м гача бўлган 1 та бола туғади. 1946 й. дан буен овлаш ман этилган.