ГРЕНЛАНДИЯ ТЮЛЕНИ

ГРЕНЛАНДИЯ ТЮЛЕНИ (Pagophilus groenlandica) — тюленлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон, уруғнинг ягона тури. Танасининг уз. 2 м гача, оғирлиги 150—160 кг. Туғилган боласи оқ ёки сарғиш оқ., уз. 80 см га яқин. Вояга етган эркакларининг иккита қора, уруғочиларининг қўнғир қанотсимон доғлари бор. Боши кора. Атлантика океанининг шим. қисми ва Шим. муз океанида, жумладан Оқ, Баренц денгизлари ва Каре денгизининг ғарбий қисмида тарқалган. Кўпайиш ва туллаш даврида учта популяция (оқ денгиз, ньюфаундленд, янмайен-норвегия) ҳосил қилади. Доимо мавсумий миграция қилади. Балиқ ва умуртқасизлар билан озиқланади. Катта муз бўлаклари устида кўпаяди. Ҳомиладорлик даври 11 — 11,5 ой, 40 йилга яқин умр кўради. 1—2 бола туғади. Мўйнаси ва ёғи учун кўп овланиши туфайли сони 7—10 млн. дан (1950 й.) 1,75—2,5 млн. гача (1960 й.) камайиб кетганлиги учун овлаш қатъий ман қилинган.

Loading...