ГРЕНЛАНДИЯ

ГРЕНЛАНДИЯ — Шим. Муз океани ва Атлантика океани оралиғидаги орол, Шим. Американинг шим.-шарқида. Гренландия — дунёдаги энг катта орол. Майд. 2166,1 минг км2. Данияга карашли. Аҳолиси 56 минг киши (1998), шу жумладан 44,4 минг киши гренландиялик инуитлар (90% аҳоли жан.-ғарбий соҳилда яшайди). Маъмурий маркази — Готхоб (Нук) ш.

Гренландия асосан Канада қалқонида жойлашади бўлиб, гнейс, кварцит, мармар ва гранитдан тузилган, усти вулканоген чўкинди жинслар билан қопланган. Графит, мармар, мис, темир рудаси, олтин, кумуш, кўмир, қўрғошин, pyx ва уран конлари топилган. Гренландияда муз қопламининг умумий ҳажми 2,6 млн. км3. Музлик тагининг рельефи Гренландия чеккасидан ўртасига томон пасая боради. Муз қопламининг ўртача қалинлиги 2300 м, энг калин жойи 3400 м. Музнинг устки қатлами силжиб синади ва кўплаб (йилига 13—15 минг) айсберг океанга тарқалади. Соҳилдаги муздан холи ерларнинг эни баъзи жойларда 200—250 км га етади. Шарқий соҳилда музликлар билан қопланган тоғ тизмалари бор. Г. ва бутун Арктиканинг энг баланд нуқтаси — Гунбьёрн чўққиси (3700 м) шу ерда. Соҳилда субарктика, арктика ва денгиз иқлими. Орол устидан тез-тез циклон шамоллари ўтиб туради. Янв. нинг ўртача т-раси жанубда —7°, шим. да —36°, июлники жан. да 10°, шим. да 3°. Ўсимликлар Г. да муздан холи бўлган жойларда учрайди. Тахм. 450 га яқин ўсимлик тури бор. Энг жан. да қайин, четан, ольха, тол, шунингдек, ҳар хил ўтлар, 80° ш. к. гача бўлган соҳилда тундра ўсимликлари, шим. да мох ва лишайник ўсади. Ҳайвонлардан соҳилда шимол буғуси, мушкли қўчқорбуқа, оқ айиқ, қутб тулкиси, қутб бўриси, лемминг, қирғоқ яқинидаги сувларда кит, тюлень, морж ва б. яшайди. 170 тур парранда бор. Иқтисодий хаёти оролнинг муздан холи бўлган 15% соҳил бўйи қисмида (342 минг км2) олиб борилади. Меҳнатга яроқли аҳолининг 25% балиқ овлаш билан шуғулланади. Бир йилда 290 минг т атрофида балиқ, тюлень ва б. денгиз ҳайвонлари овланади. Қ. х. да қўйчилик (22 минг бош) ва буғучилик (6 минг бош) ривожланган. Экспортининг 83% ини балиқ маҳсулотлари, импортни озиқ-овқат маҳсулотлари, кенг истеъмол товарлари, машина ва асбоб ускуналар ташкил этади. Ташқи алоқаларни Дания, Япония, Франция, Буюк Британия ва Швеция билан олиб боради.

Оролни дастлаб исландиялик денгизчи Гунбьёрн 875 й. да топган. 982 й. да исландиялик (асли норвегиялик) Эйрик Рауда тадқиқ қилган ва уни Гренландия («Яшил ўлка») деб атаган. Орол 1262 й. дан 18-а. бошигача Норвегияга қарашли бўлган, 1721 — 1953 й. ларда Дания мустамлакаси. 1953 й. да Г. Дания ҳудудининг бир қисми деб эълон қилинди. 1979 й. май ойидан бошлаб ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлди.

Loading...