ГРИПП

ГРИПП (франц.grippe) , инфлюэнца — кенг тарқалган ўткир юқумли касаллик. Яққол интоксикация кузатилади, нерв ва юрак-томир системаси фаолияти бузилади. Гриппни вируслар қўзғатади; уларнинг А, А,, А2, В, С турлари маълум. Вируслар вақт-вақти билан антиген тузилишини ўзгартириб туради. Жумладан, А турининг ўзида антиген хусусиятига қараб А (HjN,), A (H3N2) антигенли вируслар фарқ қилинади. Ўзбекистонда, асосан, А, айрим ҳолларда, В тури учрайди. Грипп вируслари жуда беқарор; хона шароитида бир неча соатдан сўнг юқиш эҳтимоли йўқолади, қуёш нури таъсирида тез нобуд бўлади. Паст ҳароратда, айниқса хаво ҳарорати 0° дан паст бўлганда вирус узоқ сақланади. Шу сабабли Грипп касаллиги совуқ мавсумда кўпроқ кузатилади. Дезинфекцияловчи воситалар (хлорамин, хлорли оҳак эритмалари, формалин, кислота ва ишқорлар) таъсирида вируслар тез нобуд бўлади. Исириқ тутуни ҳам Грипп вирусларини ўлдиради.

Грипп бутун дунёга тарқалган, ҳар 2 — 3 й. да Грипп эпидемияси қайд этилади. Инфекция манбаи бемор, у аксирганида, йўталганида, гаплашганила вирус ҳаво заррачалари ва сўлак томчилари билан атроф муҳитга тарқалади. Айниқса касалликнинг дастлабки кунларида вирус бемор организмидан кўплаб ажралиб яқин атрофдаги одамларга нафас йўллари орқали тушади.

Аҳолининг барча табақалари (болалар ва кексалар ҳам) бу касалликка мойил. Нимжон, турли хасталикларга чалинган одамларга Грипп тез юқади. Жисмонан бақувват, чиниққан одамларда касаллик кам кузатилади.

Касалликнинг яширин (инкубацион) даври жуда қисқа — бир неча со-атдан 1 — 2 кунгача. Касаллик тўсатдан бошланади. Соғлом юрган одам бирдан мазаси қочиб эти увишади, лоҳас бўлади, ҳарорати кўтарила бошлайди. Орадан 1 — 2 соат ўтгач, касалликнинг асосий аломатлари намоён бўлади. Иситма қисқа вақт ичида 39 — 40° гача кўтарилади, бемор жунжикиб, совқотади, қалтирайди. Ҳарорат кўтарилиб бўлгач, беморнинг бадани қизийди, бетоқат бўлади. Аъзои бадани, боши, қўл-оёқ мускуллари зирқираб оғрийди. Айниқса, пешона ва чакка соҳасида оғриқ кучли бўлади. Баъзан беморнинг боши айланиб, кўзи тинади. Кўз ёшланади, қизариб кетади, кўз соққасида оғриқ бўлади. Бурун «битиб» қолади, нафас олиш қийинлашади, томоғи оғрийди, оғзи қақрайди, қуруқ йўтал пайдо бўлади. Грипп енгил, ўртача ва жуда оғир ўтади. Касаллик оғирроқ кечганда кўнгил айниши, қусиш, бурун қонаши ҳам мумкин.

Грипп кексалар ва болаларда анча оғир кечади, организмда илгаридан мавжуд бўлган сурункали касалликлар, одатда, зўраяди, баъзан бошқа касалликлар — зотилжам қўшилади. Гриппдан кейин ўпка шамоллаши, буйрак, мия пардалари нерв тугунлари ва толаларининг яллиғланиши каби асоратлар кузатилади.

Даволаш. Грипп билан оғриган беморни касалхонага ётқизиш шарт эмас, уйда алоҳида хонада ётгани маъқул. Фақат касаллик оғир кечган ҳолларда бемор касалхонага ётқизилади. Касалликнинг оғир-енгил ўтишидан қатъи назар, бемор ётиши лозим. Вирусларга таъсир этувчи ремантадин, интерферон каби дорилар фақат дастлабки кунларда қўлланилса яхши наф беради. Ширчой, лимонли мураббо (айниқса малина, смородинали), қатиқ, қоқурум ичиб терлаш бемор аҳволини яхшилайди. Врач тавсияси билан оғриқ қолдирувчи дорилар ва антибиотиклар тавсия этилади; Олдини олиш. Грипп тарқалиш эҳтимоли бўлган кезлари махсус профилактика мақсадида Грипп вакцинаси билан эмлаш ўтказилади. Асосан болалар ва кекса ёшдагилар эмланади; вакцина бурунга томизилади. Гриппга қарши гаммаглобулин қилинади. Бурунга профилактика мақсадида интерферон томизиб туриш, оксолин мойи суртиш, бемор бор хонада исириқ тутатиб туриш мақсадга мувофиқ.

Ҳайвонларда Гриппни Orthmyxo-duridae оиласига мансуб вируслар қўзғатади. Чўчқалар, отлар, қорамол ва паррандалар касалланади. Отларда Грипп қисқа муддатли иситма, қалтираш, кўздан ёш оқиши, юқори нафас йўллари катари билан бошланади, қуруқ йўтал тутади. Касалликда ларинготрахеит, бронхит, оғир ҳолларда пневмония кузатилади. Қорамолларда касаллик ўткир кечади, тана ҳарорати кўтарилади, конъюнктивит, ринит юз беради, иштаҳа йўқолиши мумкин. Паррандаларда Грипп (паррандалар ўлати) эпизоотия кўринишида кечади, нафас ва ҳазм аъзолари шикастланади. Грипп уй паррандаларининг ҳамма турида учрайди.

Олдини олиш: парранда, отлар махсус вакциналар билан эмланади, ветеринария-санитария тадбирлари кўрилади.

Л. Шоваҳобов Ш. Ш., Юқумли касалликлар ва эпидемиология асослари, Т., 1997.

Шоносир Шоваҳобое.