ГРОЗНИЙ — РФ даги шаҳар (1870 й. дан), Чечен Республикаси (Ичкерия) пойтахти (1944 й. дан 1957 й. гача Грозний вилоятининг маркази). Сунжа дарёси (Терек ирмоғи) водийсида жойлашади. Т. й. станцияси. Халқаро аэропорт (Хонқалъа) бор. Г. 1818 й. да Грозний қалъаси сифатида барпо этилган. 19-а. охирида Беслан — Петровскпорт (ҳоз. Махачқала) т. й. қурилиши ва нефть саноатининг вужудга келиши билан тез ўса бошлади. Грозний нефть қазиб олиш рнининг маркази. Саноати нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, кимё, машинасозлик (нефть жиҳозлари, тиббий асбоблар ва б.), озиқ-овқат (консерва, вино, вино-коньяк, сут-ёғ, пиво з-длари, гўшт к-ти, макарон, кондитер ф-калари ва б.) ва енгил саноат корхоналари (тикувчилик ва пойабзал ф-калари) дан иборат бўлган. 3 олий ўқув юрти (шу жумладан ун-т), 3 театр, ўлкашунослик, тасвирий санъат музейлари бор. Россия армияси ва ички қўшинларининг Чеченистонда сепаратизмга барҳам бериш мақсадида 1995 ва 2000 й. ларда олиб борган ҳарбий операциялари натижасида Грозний бутунлай вайрон қилиб ташланди. Шу боис Грозний аҳолиси кескин камайди, 2000 й. да тахм. 70 минг киши (1992 й. да 387,5 минг киши эди).