ГРУММ-ГРЖИМАЙЛО

ГРУММ-ГРЖИМАЙЛО Григорий Ефимович [1860.5(17).2, Петербург — 1936.3.3, Санкт-Петербург] — рус географи, шарқшунос. Ўрта Осиё ва Марказий Осиёни тадқиқ қилган сайёҳ. Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби (1928). 1920—31 й. ларда собиқ Иттифоқ география жамиятининг вицепрезиденти. 1884—87 й. ларда Олай, Помир, Тяньшан тоғлари, Қашқар, Қорақурумга саёҳат қилган. 1889 — 90 й. ларда Марказий Осиёни ўрганиш экспедициясига раҳбарлик қилиб, тадқиқотлар олиб борилган жойларнинг тарихий-этнографик тавсифини ёзган. Экспедиция даврида Турфон чўкмаси чуқурлигини ( — 130 м, ҳоз. замон маълумотларига кўра — 154 м) аниқлади. 1903—1914 й. ларда бир неча марта Монголия ғарбига, Тува (ўша вақтдаги Урянхай ўлкаси), Узоқ Шарқ ва б. жойларга саёҳат қилди ва экспедициялар уюштирди. Асарлари тарихий география ва этнографияга бағишланган. Грумм-гржимайло номига Сихотэ-Алин тоғларидаги довон, Помирда ўзи кашф қилган музлик ва Богдо-Ўла тоғидаги музлик қўйилган.

Prev Article

ГРУМБАТ

Next Article

ГРУППА