ГРУНТ

ГРУНТ, замин (қурилишда) — ернинг асосан нураш зонасида ётувчи тоғ жинсларининг умумлашма номи, инсоннинг муҳандислик-қурилиш фаолиятининг объекти. Грунтдан бино ва турли муҳандислик иншоотларининг замини, қурилиш материали (йўл, кўтармалар, тўғон), ер ости иншоотларини (тоннель, қувурлар, омборхоналар) жойлаштириш муҳити сифатида фойдаланилади. Яхлит тошли ва ғовак (тош бўлмаган) Грунтга бўлинади. Яхлит тошли Грунтга монолит ёки серёриқ массив кўринишида ётган, зарралари кучли жипслашган, отилиб чиққан, метаморфик ва чўкинди жинслар киради. Ғовак Грунт йирик чақиқ (цементлашмаган), қумли ва гилли жинслардан иборат.

Грунт грунтшунослик фанида хусусиятлари, генезисига, кейинги эпигеник жараёнларга боғлиқ бўлган муайян табиий-тарихий ҳосила сифатида, шунингдек, вақт ўтиши билан ўзгариб борувчи кўп фазали система нуқтаи назаридан ўрганилади.

Грунт хусусиятларини тадқиқ қилишда, шунингдек, унинг таркиби, ички тузилиши ва муҳитнинг табиий шароитлари (т-ра, босим ва ҳ. к.) ҳам ўрганилади. Таркиби, структураси ва текстураси Грунтнинг сифатини белгилайди. Грунт ларнинг қуйидаги муҳим хусусиятларини ажратиш мумкин: физик (ҳажми ва солиштирма оғирлиги, сув ва электр ўтказувчанлиги, ғовақлиги, эгилувчанлиги ва б.), физик-кимёвий (сингдирувчанлиги, тиксотропия ва ҳ. к.) ва физик-механик (силжишга қаршилиги, деформацияланиши).

Грунтнинг энг мухим хусусиятлари ташқи кучлар таъсирига чидамлилиги ва мустаҳкамлигидир. Музлаган, музлабэрийдиган Грунт учун унинг иссиқлик-физик хоссалари муҳим. Грунтнинг петрографик хусусиятлари лаб. ва дала шароитларида олинган намуналар ва бутун массивлардан фойдаланиб ўрганилади.

Қурилиш кетаётган жойлар бурғилаш, қудуқ қазиш, зондлаш ва геофизика методлари ёрдамида текширилади. Грунт хусусиятларини яхшилаш учун цементловчи ва бириктирадиган моддалар қўшилади, механик зичланади (шиббаланади), қуритилади, қиздирилади, музлатилади ва ҳ. к.