ГРУНТ (нем. Grand — асос, тупроқ) — асосан нураш зонасида жойлашган тоғ жинси (тупроқ билан биргаликда) қатлами. Грунт қояли (гранит ва б.), метаморфик (гнейс) ва баъзи чўкинди жинсли (оҳактошлар, қумтошлар ва б.), ярим қояли (мергель ва б.) ва юмшоқ бўлиши мумкин. Юмшоқ Грунтлар Ер юзасида кенг тарқалган. Зарралар ўлчамига қараб гилли (0,005 мм), чангли (0,05—0,005 мм) ва қумли (2—0,05 мм) бўлади. Қурилиш амалиётида бино ва иншоотларнинг тагзамини бўлган ёки тупроқли иншоотларни (дамба, кўтарма, тўғон) тиклашда қурилиш материаллари сифатида ишлатиладиган турли тоғ жинслари хам Грунт деб аталади.