ГУАМ

ГУАМ — Тинч океаннинг ғарбий қисмидаги орол, Мариана о. лари тўдасида. Гуамни 1521 й. Ф. Магеллан кашф этган. АҚШ мулки, Тинч океандаги йирик ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво базаси. Майд. 549 км2. Аҳолиси 145 минг киши чамасида (1990-й. лар охирлари), 20 мингдан зиёдроғи Америка ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оилалари, крлганлари испанлар, мексикаликлар, филиппинликлар. Оролнинг энг баланд (405 м) жан. қисми вулкан жараёнида, пастроқ шим. қисми маржон қоялардан пайдо бўлган. Тез-тез зилзила бўлиб туради. Иқлими тропик, муссонли иқлим, ойлик ўртача т-ра 26 — 27°, йилига 3000 мм ёғин тушади. Тоғларнинг жан. ва шарқий ён бағирларида нам тропик ўрмонлар, шим. да ксерофит ғалла гулли ўсимликлар ўсади. Иқтисодининг асоси — туризм. Ҳар йили оролга 600 минг турист (80% японлар) келиб кетади. Даромадининг 12%и ҳарбий объектлардан келади. Кокос пальмаси, кофе ўстирилади, шакарқамиш ва б. тропик экинлар эқилади, шоли етиштирилади. Балиқ овланади. Ёғоч тайёрланади. Бош шаҳри — Аганья (аҳолиси 2 мингдан ортиқ). Гуамда т. й. йўқ, автомобиль йўллари уз. 674 км. Четга кийим, турли хил ичимликлар, тамаки, машинасозлик маҳсулотлари чиқарилади; четдан ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилади. Ташқи алоқа асосан АҚШ, Япония ва Тайвань билан олиб борилади. Ун-т бор.

Loading...