ГУАНСИ-ЧЖУАН МУХТОР РАЙОНИ — Хитойнинг жан. даги миллий маъмурий бирлик. Сицзян дарёси ҳавзасида. 1958 й. да аввалги Гуанси провинцияси ўрнидаташкил этилган. Майд. 236 минг км2. Аҳолиси 46,7 млн. дан зиёд киши (1998). Маъмурий маркази — Наньнин ш.
Ҳудудининг катта қисми тоғ ва тепаликлар. Кўп қисмининг бал. 1000 м дан паст. Энг баланд жойи 2070 м. Р-ннинг шимолида карст рельеф шакллари кўп учрайди. Янв. нинг ўртача т-раси шимолида 6°, жан. да 14°, июлники 24 — 28°. Тупроги, асосан, латерит. Доим яшил ўрмонлар бор. Субтропик ва тропик ўсимиклар ўсади.
Иқтисодиётининг етакчи тармоқи — қ. х. Р-н ер майдонининг 11,5%и ишланади. Асосий экини — шоли (экин майд. 64%), шунингдек, батат, шакарқамиш, ер ёнғоқ, кунжут, индов, рапс, тамаки, мева, чой, тунг, кофе, пахта; зираворлардан долчин, арпабодиён, мускат ёнғоғи, занжабил ва б. етиштирилади. Экинлардан йилига 2 — 3 марта ҳосил олинади. Чорвачилик ёрдамчи аҳамиятга эга; паррандачилик ривожланган. Жунцзян дарёси водийсининг юқори қисмида ёғоч тайёрланади. Саноатида кўпроқ шоли оқлаш, ёғ, шакарқанд, ёғочсозлик, қоғоз, тўқимачилик тармоқлари ривожланган. Ер ости бойликларидан қалай, марганец, қўрғошин ва pyx, тошкўмир қазиб чиқарилади. Металлургия ва машинасозлик, кимё корхоналари бор. Ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланилади (Биньянда чинни ишлаб чиқарилади). Энг катта саноат маркази — Наньнин ва Лючжоу. Сицзян ва унинг ирмоқларида кема қатнайди. Сянгуй канали орқали Янцзи дарёсига ўтилади. Район т. й. орқали бошқа ҳудудлар билан боғланган. Кўплаб олий ўқув юртлари бор.