ГУБСКАЯ Вера Николаевна [1906.26.8 (8.9), Керч – 1953.19.10, Тошкент] – балет артисти, балетмейстер, педагог. Ўзбекистан халқ артисти (1944). Тошкент рус опера ва балет театрида балет артисти (1930 – 35). 1939 – 42 й. лар Навоий театрида балетмейстер ва педагог. 1943 — 48 й. лар Муқимий, Тошсовет номидаги ва Янгийўл театрларида бош балетмейстер. Тамарахоним номидаги Республика балет мактабида ўқитувчилик қилган (1935 — 41). Губская инсон феъл-атвори, ҳис-туйғуси ва фикрларини мумтоз рақс ҳаракатлари орқали ишонарли тасвирлай олган. Энг яхши партиялари: Раймонда («Раймонда»), Китри («Дон Кихот»), Зарема («Боқчасарой фаввораси»), Одетта — Одилия («Оққуш кўли») ва б. Ўзбек ва мумтоз рақс шаклларини уйғунлаштирадиган «Баҳор», «Қувонч», «Пахта» ва б. хореографик миниатюраларни, шунингдек, «Гуландом» (Уста Олим Комилов, Тамарахоним, И. Арбатов билан ҳамкорлиқда), «Уйқудаги гўзал», «Бахт соҳили» балетларини, 20 дан ортиқ мусиқий-драматик спектакллар рақсини саҳнага қўйган.