ГУДОН, Удон (Houdon) Жан Антуан (1741.20.3, Версаль — 1828.15.7, Париж) — француз ҳайкалтароши, Европа ҳайкал портрети санъатининг йирик намояндаси. Париждаги нафис санъат мактабида ўқитувчи (1805 — 23). Пластик анатомиями чуқур ўрганиб, анатомик ҳайкал яратди (1767), бу ҳайкал қоз. кунда ҳам бадиий ўқув юртларида (шу жумладан Ўзбекистонда) кўргазмали қурол сифатида қўлланилади. «Диана» (гипс, 1776) ҳайкали Гудонга катта шуҳрат келтирган; Ж. Ж. Руссо (гипс, 1778), Вольтер (мармар бюст, 1778; мармар ҳайкал, 1781), О. Мирабо (терракота, 1791) ва б. портретлар муаллифи. Гудон портретларидаги ўткир ва кўп қиррали психологик тавсифнинг ўзига хослиги, портретдаги маъноли қарашлар бевосита томошабинга қаратилганлиги билан диққатни тортади. Айниқса аёллар ва болалар қиёфаси содда ва табиийлиги билан ажралиб туради («Рафиқам портрети», гипс, 1787, Лувр ва б.). Г. француз инқилоби намояндалари ва маърифатпарварларининг ёрқин қиёфаларини яратган. Асарлари Лувр (Париж) ва б. музейларда сақланади.