ГУЖАРОТ ТИЛИ (гужароти) — ҳинд-европа тиллари оиласининг ҳинд гуруҳига мансуб тил. Ҳиндистоннинг Гужарот штатининг расмий тили, Маҳараштра штатига туташ ҳудудларда ҳам тарқалган. Унда 47 млн. дан зиёд киши сўзлашади (1990-й. лар ўрталари). 3 асосий диалектга ажралади: шим. (ёки аҳмадобод); ғарбий (ёки катхиявар); жан. (ёки сурат). Сўз ясалиши суффикс, префикс ва сўзлар қўшилиши асосида юз беради. Гужарот тили фонетикасида олд қатор унлиларда ва сонантлар (у) палаталлашуви учрамайди. Гужарот тилида 6 та ўзига хос келишик мавжуд (воситасиз, эгалик, объектли, воситали, айирувчи, ўрин). Бундан ташқари, 2 та сон (бирлик, кўплик) бор. Феъл шахс, сон, жинс, замон, майл (аниқлик, буйруқ, гумон, истак) категорияларига, шунингдек, булардан ташқари (ўтимли ва ўтимсиз феълларда юзага чиқадиган) мажҳуллик, аниқлик нисбатларига эга. Эга гапнинг бошида, кесим эса охирида келади. Гужарот тили луғат таркибида санскрит, форс, араб тилларидан ўзлашган сўзлар анчагина. Кейинги вақтда инглиз тилидан баъзи сўзларнинг ўзлашиши ҳам кузатилмоқда. Гужарот алифбоси деванагари ёзувига жуда яқин.