ГУЖУМДИ ТОҒЛАРИ

ГУЖУМДИ ТОҒЛАРИ — Марказий Қизилқумдаги тоғлар. Қулжуқтов тоғларининг шарқий давоми. Энг юқори нуқтаси 773 м (Бошгужумди чўққиси). Гужумди тоғлари кенглик бўйича йўналган, шим. ён бағирлари анча тик, жан. эса ётиқроқ. Шим. да Қорахотин ва жан. да Оёқоғитма ботиқлари томон ён бағирлари зинапоясимон шаклда пасайиб боради. Тоғ этаклари кенг пролювиал шлейфлар билан банд. Ён бағирлари қуруқ сойлар билан парчаланган.

Гужумди тоғлари палеозойнинг терриген (кремнийли қумтош), кремнийли карбонат (асосан доломит) ва терриген (алеврит, кумтош, конгломерат, гравелит) жинсларидан ташкил топган. Сувайирғич қисмида қаттиқ қумтош, доломит ва баъзан конгломератлардан қояли рельеф шакллари вужудга келган.

Гужумди тоғларида чўл минтақасига мансуб бўз-қўнғир тупроклар тарқалган. Оқжусан, терескен, ён бағирларнинг қуйи қисмларида кейреук, боялич ўсади. Яйловларда қоракўл қўйлари боқилади.