ГУК, Хук (Нооке) Роберт (1635.18.7, Уайт о. — 1703.3.3, Лондон) — инглиз табиатшунос олими, конструктори, ихтирочиси. Гук ҳаво насоси ва бурама барометр ихтиро қилган, микроскоп, кўзгули телескоп, шамол кучини ўлчайдиган ва б. асбобларни такомиллаштирган. Ўсимлик ва ҳайвон тўқимасининг ҳужайралардан тузилганлигини текширган («ҳужайра» сўзини фанга Гук киритган). X. Гюйгенс билан бирга термометрнинг доимий нуқталари: музнинг эриш нуқтаси ва сувнинг қайнаш нуқтасини аниқлаган. Эластик жисмларга қўйилган куч билан унинг деформацияси орасидаги боғланиш қонунини кашф этган (қ. Гук қонуни). Г. осмон жисмлари бир-бирига тортилади, деган фикрни илгари сурган, тортишиш кучлари масофа квадратига тескари мутаносиб эканлиги, сайёралар эллиптик орбиталар бўйича ҳаракатланишини аниқлаган. Ёруғликнинг тўлқин табиати ҳақидаги назарияни қувватлаган.