ГУЛ

ГУЛ (flos) — ёпиқ уруғли ўсимликлар (қ. Гулли ўсимликлар)нинг генератив (жинсий урчиш) органи. Гул ўсиши чекланган, шақли ўзгарган новда ҳисобланади Гул гулбанд, косачабарглар, тожбарглар, чангчилар ва уруғчидан ташкил топган. Косачабарглар — Г. нинг сиртида — биринчи қаторда жойлашади баргчалардан иборат. Косачабарглар, одатда, яшил, ўсимлик турига қараб сони ҳар хил бўлади. Баъзи ўсимликларда (мармарак, райҳон, нўхат ва б.) косачабарглар бир-бири билан қўшилиб, бириккан баргли туташ косача, бошқаларида (турп, шафтоли, ўрик ва б.) бирикмасдан, айрикосача ҳосил қилади. Гултож барглар — косачабарглардан ички қаватга жойлашган гулбарглардан иборат. Ранги ҳар хил. Тожбарглар ҳам туташ (печак, карнайгул, картошка ва б. гулида) ва айритож (ўсма, айиқтовон, наъматак ва б. гулида) бўлади. Чангчилар Гулнинг чанг (микроспора) ҳосил қилувчи қисми. Улар учинчи қаватни ташкил қилади. Уруғчи Гулнинг уруғкуртак (макроспора) ҳосил қилувчи қисми бўлиб, марказда жойлашган. Косачабарглар билан тожбарглар гулқўрғон дейилади. Косачабарглар билан тожбаргларга аниқ ажралган гулқўрғон (ўрик, олча, шолғом ва б. гулида) мураккаб, бундай ажралмай, ранги бир хил бўлган гулқўрғон оддий гулқўргон дейилади. Тожбаргларга ўхшаш, очиқ рангли оддий гулқўрғон гултожсимон (лола, пиёз гулида), косачага ўхшаш яшили эса (лавлаги, шўра, отқулоқ ва б. гулида) косачасимон гулқўрғон деб юритилади. Ҳашаротлар воситасида чангланадиган Гуллар гулқўрғони яхши ривожланган, шамол ёрдамида чангланадиган Гул ларники эса унча ривожланмаган ёки бутунлай йўқолиб кетган. Гулқўрғонсиз ёки фақат уруғчи ва чангчилардан иборат гуллар (тол, терак, ёнғоқ кабиларнинг гули) яланғоч ёки гулқўрғонсиз Гуллар дейилади. Гулнинг барма қисмлари ўриндиққа жойлашган. Ўриндиқ кенг ва ясси (айиқтовон, малина), конуссимон ёки чўзиқроқ (ерчой) ёки, аксинча, ботиқ (раъно, наъматак ва б.) бўлади. Ҳар бир Гулда гулбанд бор. Баъзан гулбанд деярли ривожланмай, Гул тўпгул ўқидан ўсиб чиқади (мас, тизимгул, себарга гули). Бундай Гуллар бандсиз ёки ўтроқ Г. лар дейилади. Гулда уруғчилар ва чангчилар бўлса, икки жинсли (беҳи, лолақиз-ғалдоқ, пиёз ва б.), фақат биттаси бўлса (ёнғоқ, маккажўхори, тол, қайин ва б.), айрим жинсли ёки бир жинсли Гул дейилади. Бир жинсли Гул фақат уруғчилардан иборат бўлса — уруғчили (маккажўхори сўтаси), фақат чангчилардан иборат бўлса (маккажўхори рўваги, ёнғоқ кучаласи ва б.) — чангчили Гул дейилади. Гул марказидан икки ва ундан кўп чизиқ ўтказилганда тенг симметрик қисмларга бўлинса, тўғри — актиноморф (олма, ўрик, наъматак ва б.), фақат битта чизиқ билан симметрик қисмларга бўлинса, қийшиқ — зигоморф Гул (райҳон, ялпиз, итоғиз, жамбил ва б.) дейилади. Гул ларда наслдан-наслга ўтадиган доимий белгилар (Г. қисмларнинг шақли, ранги, катта-кичиклиги, бир-бирига нисбатан тутган ўрни ва сони) ғоят хилма-хил. Ўсимликларнинг уруғдошлиги ва эволюциясини аниқлашда Гул ларнинг аҳамияти катта. Гул шамол ёки ҳашаротлар воситасида чангланади. Гул чангланишга турлича мослашган. Mac, ҳашаротлар ёрдамида чангланадиган ўсимликларнинг Гули йирик, ҳидли, хилма-хил рангда бўлиб, нектар безлари шира (нектар) ажратади. Нектар безлари Гулнинг ички қисмида бўлиб, ҳашаротлар шира олишга қўнганда танасига чангни ёпиштириб олиб тарқатади. Кўп ўсимликлар (мас, ёнғоқ, терак, каноп, маккажўхори ва б. ғалладошлар) шамол воситасида чангланади. Уларнинг Гули майда, кўримсиз, рангсиз ва ҳидсиз, чанглари қуруқ ва енгил бўлади.

Ад.: Холиқов С., Пратов Ў., Ўсимликлар анихушгичи, Т., 1970; Мавлонов О., Қосимов А., Сиддиқов Ж., Биология (маълумотнома), Т., 1999.

Loading...