ГУЛБАДАН БЕГИМ (1522, Кобул – 1603, Дехли) — тарихиавис. Бобурнинг қизи. Онаси Дилдор бегим. Бобурнинг катта хотини Моҳим бегим қўлида тарбияланган. 1529 й. да Аграга борган. Ёшлигидан адабиёт ва тарихга қизиққан. Замонасининг барча билимларидан бохабар бўлган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган, «Бобурнома»ни мутолаа қилган. Умрининг охиригача асосан Ҳиндистонда яшаган, Маккада бўлган (1575—82). Акбар буйруғига кўра Бобур ва акаси Ҳумоюн ҳақида «Ҳумоюннома» асарини яратган. Асарда 15-а. нинг охири — 16-а. нинг ўрталарида Мовароуннақр, Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудларида рўй берган воқеалар баён қилинади. Унда Б«обурнома»да тасвирланган воқеаларнинг давоми қаламга олинган, шунингдек, «Бобурнома»га кирмаган баъзи воқеа-ҳодисалар акс этган. Асар форсийда ёзилган. Гулбадан бегим Бобурнинг тарихиавислик соҳасидаги анъаналарини давом эттириб, китобида тарихий воқеалар б-н бирга маданият, адабиёт, тилшунослик, геогр., этнография ва б. соҳаларга оид маълумотларни ҳам келтирган. Бобур ҳукмронлиги даври воқеаларини қисқа баён қилиб, Ҳумоюн даврини батафсил ёритган. Асарнинг 83 варакдан иборат ягона қўлёзма нусхаси Англиянинг Британия музейида сақланади. Унда воқеа тугалланмаган, инглиз шарқшуноси Чарльз Рьё ўз каталогида унинг қисқа тавсифини берган. Инглиз олимаси А. С. Бевериж инглиз тилига (Лондон, 1902), С. Азимжонова ўзбекчага (Тошкент, 1959) таржима қилиб, форсча асл нусхаси ва изоҳлари билан нашр эттирганлар. Тарихчи олим Абулфазл Алломий «Акбарнома» асарини яратишда «Ҳумоюннома»дан кенг фойдаланган.
Ac: Ҳумоюннома, Т., 1959.