ГУЛЧИЛИК — гуллиманзарали ўсимликларни боғ ва хиёбонларга, йўл ёқаларига экиш, бинолар ичини безаш, гулдасталар ясаш мақсадларида ўстириш; деҳқончилик соҳаси. Очиқ ва иситиладиган ердаги Гулчиликка бўлинади. Очиқ ер (дала)даги Гулчиликда бир йиллик (қашқаргул, итоғиз, гулбеор, хушбўй тамаки), икки йиллик (капалакгул, бўтакўз, чиннигул) ва кўп йиллик (гулсапсар, пион, флокс ва б.) гуллар ўстирилади. Иситиладиган ер (иссиқ,хона, оранжерея)даги Гулчиликда нозик ва чиройли гуллайдиган, япроқлари ҳамиша яшил ўсимликлар (лола, чиннигул, хризантема, пальма, фикус ва б.) ўстирилади. Гулчиликни очиқ ва иситиладиган ерларда қўшиб олиб бориш йил давомида гул етиштиришни таъминлайди.
Кўпгина мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда Гулчилик жуда қад. тарихга эга. Амир Темур, Бобур яратган боғларда гул ўстиришга алоҳида эътибор берилган (қ. Амир Темур боғлари).
Ўзбекистонда гул ва манзарали ўсимлик кўчатлари, қаламча ва уруғлари ҳамда тувакларда устириладиган гуллар етказиб берадиган хўжаликлар, гул ва кўчат сотадиган махсус «Тошкент гуллари» фирмаси ташкил этилган. Гулчилик бўйича и. т. ишларини Р. Р. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик и. т. ин-ти олиб боради; малакали гулчиларни шу ин-т коллежи, шунингдек, Тошкент аграр унти тайёрлайди. Гул уруғлари, кўчатлари, пиёзлари етиштирадиган махсус гулчилик хўжаликлари бор (қ. Гул урутилиги).
Чет мамлакатларда, айниқса, Европада Гулчилик ривожланган. ГФР, Нидерландия, Италия, Франция, Болгария ва б. да Гулчилик иқтисодиётнинг муҳим тармоғини ташкил қилади, унинг маҳсулотлари экспорт қилинади. Mac, Нидерландия лола, нилуфар, сунбул пиёзларини етиштиришга, ГФР атиргул ва чиннигулни саноат усулида етиштиришга ихтисослашган.
Ад.: Ремискевич И. Т., Манзарали боғдорчилик ва гулчилик, Т., 1964; Озолин П. К., Карамишина Н. М., Уйда гул ўстириш, Т., 1967; Тавлинова Гулчилик, Цветы в комнате и на балконе, Л., 1985.
Лутфулла Абдураҳмонов.