ГУЛДЎЗИ — зардўзликдаги асосий тикиш усулларидан. Андаза асосида кесиб олинган нақш (гул) юзасининг ўзи зар ип билан қоплаб тиқилади, замини очиқ қолдирилади. Шунинг учун Гулдўзи усулида безатиладиган буюмнинг матоси, ранги, сифати ҳамда қўлланиладиган Гулдўзи чоклари муҳим аҳамиятга эга. Чарм, картон ёки қоғоздан тайёрланган нақш-нусха матога тикиб ёки ёпиштириб бириктирилади, устидан зар ип билан тикиб бўртма нақшгул ҳосил қилинади. 19-а. ўрталарида андаза чармдан, кейинчалик картон (Россиядан келтирилган «латта қоғоз»)дан тайёрланган, 1870—75 й. ларга оид буюмлар андазаси оқ меш (замша) чармдан тайёрланган. Кичик гуллар тагига баъзан пахта қўйиб, бир неча қават тахланган мато устига таҳрир чоки тикилган (яна қ. Заминдўзи).