ГУЛДУРСУН

«ГУЛДУРСУН» — ўзбек халқ ривояти. Гулдурсун қалъаси харобалари тарихи билан боғлиқҳолда юзага келган. 1937 й. да С. П. Толстов томонидан ёзиб олинган. Ривоятда 13-а. да Хоразм халқининг мўғул босқинчиларига қарши кураши акс этган. Ривоятга кўра, Гулистон ш. ни мўғуллар узоқ вақт қуршовда ололмай тутиб туради. Шаҳарда озиқовқат тугай деб қолганда, оқсоқоллар маслаҳати билан душманни чалғитиш режаси тузилади. Ҳимоячилар сўнгги дондунни бир неча сигирга едириб, уларни шаҳар ташқарисига ҳайдаб юбори-шади. Сигирларни сўйиб еган душман уларнинг ичидан чиққан буғдойни кўриб, ҳали шаҳарда озиқ-овқат кўп экан, деган хулосага келади ва қайтиб кетиш ҳаракатига тушади. Бироқ, душман лашкарбошисини қалъа девори тепасидан бир неча бор кўриб, унга ошиқ бўлиб қолган шоҳ қизи Гулдурсун қалъадан ташқарига мактуб чиқариб, душман лашкарбошисини бу сирдан воқиф қилади. Мўғуллар шаҳарга қайта ҳужум қилиб, уни вайрон қиладилар. Лашкарбоши эса ўзига пешвоз чиққан Гулдурсунни, «ўз элингга вафо қилмадинг, менга вафо қилармидинг», дея қатл эттиради. «Гулдурсун»да хоразмликларнинг ёвга қарши курашдаги жасорати, юрт учун мардонавор жанглари, меҳнаткаш ва тадбиркорлиги улуғланган, эл-юрт хоинига бўлган кучли нафрат ўз ифодасини топган.

Ад.:Имомов К.. Ўзбек халқ прозаси, Т., 1981.