ГУЛИ СУМБУЛ

ГУЛИ СУМБУЛ, гиацинт, хиацинт (Hyacinthus) — пиёзгулдошлар (лолагуллилар оиласи)га мансуб бир йиллик ўсимлик; эқиладиган гул. Рангбаранглиги, гултўдаларининг чиройли тузилиши, ёқимли ҳиди, манзарали экин сифатида пиёзли гуллар қаторига киради. Гули сумбул пиёзлари думалоқ, ясси, япалоқ. Барглари чўзинчоқ, лентасимон, сал букилган, уз. 35 см, кенглиги 3 см, гул поясининг уз. 35—40 см, гултўпи 10—25 см, гулларининг сони 25 — 35 тагача боради. Гулининг диаметри 2 — 3,5 см, найсимон, қўнғироқсимон шаклда. Гул шодасининг бўлаклари букилган, баъзан тўғри. Окт. ойида экилиб, март—апр. да гуллайди. Оналик пиёзи атрофида ҳосил бўлган пиёзчалар билан кўпаяди. Осиё, Европа ва Шимолий Африкада 30 тури ўсади. Шулардан 3 таси Ўрта Осиё тоғларида учрайди. Гули хушбуй ва оддий қатқат тури (Н. orientalis) кўпроқ тарқалган.