ГУЛИГАЗ ҚОРАКЎЛ ТЕРИ

ГУЛИГАЗ ҚОРАКЎЛ ТЕРИ (тож. гулигаз — юлғун гулининг ранги) — оқ аралаш жигарранг ёки малла ранг жунли қоракўл тери. Гулигаз рангининг тўқочлиги оқ жунларнинг жигарранг ёки малла ранг жунларга бўлган нисбатига боғлиқ: оқ жунлар 73,4—81% бўлса оч гулигаз, 45,6—54,4% бўлса ўрта ёки нормал (оч пушти тусли) гулигаз, 20% бўлса тўқ (қизғиш) гулигаз бўлади. Ярим доира ўрта ва узун қаламгулли ҳамда дона гулли, жуни ипаксимон, текис, ялтироқ терилар жуда чиройли. Ўзбекистонда ҳоз. олинаётган гулигаз териларнинг тахм. 84% ўрта ёки нормал гулигаз, 11% оч гулигаз ва 5% тўқ гулигаз.