ГУЛИҚАҲҚАҲ ПАРИ

ГУЛИҚАҲҚАҲ ПАРИ — туркий халқлар сеҳрли-фантастик эртакларида кенг тарқалган афсонавий-мифологик образ. Эртакларда тасвирланишича, Гулиқаҳқаҳ пари Кўҳиқоф тоғида, Эрам боғида яшайди ва турли қиёфаларда учиб боради. Гулиқаҳқаҳ парининг бошқа парилардан фарқли томони, у қаҳ-қаҳ уриб кулганида оғзидан гуллолалар сочилади. У ниҳоятда гўзал, ақлли, донишманд, ишбилармон, мўъжизалар яратишга қодир, ҳатто турли касалликларни ҳам даволай олади. Эртаклар қаҳрамонлари подшо ва б. кучларнинг Гулиқаҳқаҳ парини келтириш ёки унинг гулидан баҳраманд этиш шартини бажаришда оғир, қийин саргузаштларни бошидан кечиради, турли тўсикларни енгиб, афсонавий макондан Гулиқаҳқаҳ парини ёки унинг гулидан олиб кайтади.