ГУЛКАРАМ (Brassica oleracea L. var botrytis L.) — карамдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик, сабзавот экини. 15—20 барг чиқаргандан кейин ўзагининг юқори қисмида оқиш (300 — 500 г катталикда) бошча ҳосил қилади. Бошча жуда кўп қисқа серэт гулпоялардан иборат бўлиб, унинг шақли (каттакичиклиги, ўсиш даражаси) Гулкарамнинг навига ва ўсиш шароитига боғлиқ. Карам бошчаси шакллангандан кейин пояларининг айримлари ўсишда давом этиб, тўпгул, гул ва уруғли гулпояга айланади. Гули оқ ёки сариқ. Г. биологик хусусияти жиҳатидан оддий карамга ўхшайди, лекин тезпишар. Кўчати ўтқазилгач, 50—60 кунда карам бошчаси етилади. Таркибида 7 — 3,3% қуруқ модда, 1,2— 4,4% қанд, 1,5—3,7% оқсил, 0,7—0,8% минерал моддалар бор. Витамин С ва А, калий, темир, фосфор тузлари оддий карамдагидан кўп. Аталанган тухумга ботириб олиб қовурилади, шўрваси мазали ва парҳез таом, консерва тайёрланади. Гулкарам совуққа (—3—5°) чидамли, кўчати баҳор (март) ва ёз (июль)да 60×30, 70×35 см схемада эқилади. Баҳоргиси май— июнда, ёзгиси окт. —нояб. да пишади. Сифатли етилиши учун барглари учи бошча устига тўда қилиб боғланади ёки бошчаси синдириб олинган барглари б-н соялаб қўйилади. Гектаридан 100— 180 ц ҳосил олинади. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида эқилади.
Орип Қодирхўжаев.