ГУЛОБ

ГУЛОБ — 1) тортиш (ҳайдаш) усули б-н атиргул гулбаргидан олинган хушбўй суюклик, атиргул мойи. Илгари Гулоб хонаки усулда қуйидагича олинган: сопол ёки чинни коса гулбарг билан тўлдирилади. Унинг устига қамиш найча суқилган қопқоқ ёпилади. Қозонга сув қуйиб, коса сувга қўйилади. Қамиш найчанинг учига иккинчи бўлак қамиш ётиғига (горизонтал), учинчи бўлак пастга қаратиб ўрнатилади (қамиш ўрнига мис найчадан фойдаланса ҳам бўлади). Совуқ сувли челакка гул буғи йиғиладиган шиша қўйилиб, найчанинг учи шунга туширилади. Козондаги сув қайнатилганида косадаги гулбарг суюқлиги буғланиб, найча орқали ўтиб, иккинчи идишда совийди ва йиғилади. Ҳосил бўлган суюклик косага қайта қуйилиб, яна ҳайдалса, тиниқ ва хушбуй модда — Г. ҳосил булади. Умуман Гулоб ўз сифатига кўра 4 хил булади. Гулоб неча марта буглантириб олинган бўлса, шунча оташли (мас, «бир оташли», «икки оташли») деб аталади. Тўрт оташли Гулоб юқори сифатли ҳисобланади (яна қ. Атиргул мойи). Г. Шарқ, айниқса форс, ўзбек халқларига қадимдан маълум. Ҳиндистон, Марказий Осиё шаҳарларида Гулоб тайёрлайдиган корхоналар бўлган.

Гулобдан юракка фойдали доридармон сифатида табобатда ҳам қўлланилган. Нишолда, новвот, шакар каби ширинликларнинг ранги ва таъмини яхшилашда, хушбўй ичимликлар тайёрлашда Гулоб ишлатилган. Шарқхалқлари ўртасида никоҳ куни гўшангага Гулоб сепиш расм бўлган. Кейинги даврларда Гулоб тайёрлаш халқ орасида давом этиб келган. Баъзан райҳондан ҳам юқоридаги усул билан Гулоб олинади. Райхрндан олинган Гулоб жуда хушбуй ва қимматли қисобланади;

2) атиргулнинг сувидан тайёрланган ичимлик. Гулбарглар тоза сувда ювилади. Қозон ёки кастрюлькага солинади ва бир оз сув қуйиб қайнатилади. Таги куймаслиги учун ковлаб турилади. Сўнгра баргни олиб ташлаб, қолган сувни докада сузиб, шакар аралаштирилади ва шишага қуйилади, шишанинг оғзи ҳаво кирмайдиган қилиб беркитилади. Шишадаги суюклик 10—12 кунда қайнаб чиқади. Бир қанча кундан сўнг қайнови босилади. Бундай Гулоб спиртли ичимлик хусусиятларига эга бўлади.