ГУЛОБИ

ГУЛОБИ — қовуннинг кечпишар навлари. Унинг жўжабурун Г., қизил Г., кўк Гулоби, сариқ Г., қора Гулоби хиллари бор. Жўжабурун Гулоби уруғидан чиққандан кейин 100—115 кунда пишади. Ҳосилдорлиги ўртача. Шақли урчуқсимон, учи тўмтоқ, йирик, уз. 32—34 см, оғирлиги 4—6 кг. Сирти буриш тўрлаган. Туси сариқ, офтобга қараган томони яшилроқ. Пўсти қаттиқ. Эти оқ, калинлиги 5—5,5 см, тиғиз, куврак, таркибида 8,1% қанд бор. Уруғи йирик, сариқ. Асосан Бухоро вилоятида эқилади. Қизил Гулоби уруғдан чиққандан кейин 100—115 кунда пишади, гектаридан 250—280 ц хрсил беради. Ташишга ва асрашга чидамли, шақли тухумсимон, уз. 26—29 см, оғирлиги 7 кг. Сирти текис, яшил-сариқ. Пўсти қаттиқ. Этининг қалинлиги 5—6 см, оқ, тиғиз, таркибида 9,5% қанд бор. Уруғи йирик, сариқ. Зарафшон водийсида ва республиканинг жанубий р-нларида кўп эқилади. Хоразм воҳасида ҳам учрайди. Кўк Гулоби уруғдан чиққандан кейин 110—125 кунда пишади. Гектаридан 250—300 ц ҳосил беради. Ташишга ва сақлашга чидамли. Шақли чўзиқ, тухумсимон, уз. 24—30 см, оғирлиги 4—5 кг. Сирти тўрлаган. Туси хира сарғиш-яшил. Пўсти қаттиқ. Эти оқ, пўстига ёндош жойи кўкиш, қалинлиги 5—6 см, тиғиз, таркибида 9,6—11,4% қанд бор. Уруғи йирик, сарғиш-жигарранг. Зарафшон водийси, республиканинг жанубий р-нлари, Хоразм воҳасида, Қорақалпоғистонда эқилади. Сариқ Гулоби уруғидан чиққандан кейин 110—120 кунда пишади, гектаридан 250—300 ц ҳосил беради. Ташишга чидамли, лекин узоқ турмайди. Шақли чўзиқ, тухумсимон. Йирик (45—56 см), оғирлиги 8—12 кг. Туси яшил-сариқ, сиртида оч сариқ доғлар бор. Пўсти қаттиқ, эти оқ, қалинлиги 5—8 см, таркибида 8,3% қанд бор. Уруғи йирик, жигарранг. Хоразм воҳасида кўп эқилади. Қора Гулоби уруғдан чиққандан кейин 100— 125 кунда пишади, серҳосил, ташишга ва сақлашга чидамли. Шақли тухумсимон. Баъзан чўзиқроқ, йирик (34—55 см), оғирлиги 12—13 кг. Сирти буришган, сертўр, пўсти қаттиқ. Эти оқ, тиғиз, қалинлиги 6—7 см, таркибида 8,4% қанд бор. Уруғи йирик, сариқ. Хоразм вилоятининг жанубий р-нларида эқилади.

Ботир Азимов.