ГУЛШИРА

ГУЛШИРА, нектар — ўсимликнинг шира безларидан чиқадиган ширин суюқлик. Шира безлари кўпинча гулнинг ичида, камдан-кам барг бандида, барг четларида, ёнбаргларда ва гулёнбаргларда жойлашади; улар ғудда, бўртмача, чуқурча, ҳалқача, тарновча шаклларида бўлади. Гулшира мураккаб модда бўлиб, қанднинг сувдаги эритмаси (глюкоза, фруктоза, сахароза)дан иборат. Унинг таркибида кўп миқдорда спирт (манит), декстринга ўхшаш бўёвчилар, азотли ва ароматик моддалар, минерал тузлар, кислота ва ферментлар бўлади. Гулшира четдан чангланишни таъминлайдиган асалари ва б. ҳашаротлар (ари, тукли ари, капалаклар) учун овқат ҳисобланади. Ўсимликнинг Гулшира ажратиш жараёни кўп жиҳатдан унинг ёши, гуллаш фазаси, кеча-кундузга, ҳаво ҳарорати ва намликка боғлиқ (мас, ғўзанинг ҳар бир гули бир кеча-кундузда ўртача 8,08 — 12,32 мг Гулшира ишлаб чиқаради). Таркибида кўп миқдорда шираси бўлган ўсимликда нектар ажралиши фотосинтезга боғлиқ. Шунинг учун унга қуёш нури зарур. Бундан ташқари турли вақтда ёки турлича ўсимликлардан йиғилган Гулширада қанд миқцори бир хил бўлмайди. Бу эса уларнинг сифат жиқатидан бир-биридан фарқ қилишига олиб келади. Асалари организмида қайта ишланган Гулширадан асал ҳосил бўлади.

Лутфулла Абдураҳмонов.