ГУЛУЗОРИМ

«ГУЛУЗОРИМ» — Навоийнинг «Этмиш мени» радифли мухаммасига Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов басталаган ашула. Асосий матн бандлари орасида «гулузорим воей, раҳм айла нигорим» каби жумлалар такрорланиб ўқилгани учун Гулузорим деб номланган. «Эшвой» номли чолғу куйи, шунингдек, Шашмақомдаги Рост мақоми таркибидаги Савти Ушшоқ шўъбаси асосида яратилган. 3/4 ўлчовли ҳаракатчан тароналар усулида ижро этилади. Даромад қисмида Уззол шўъбаси оҳангларидан, Дунарсдан кейин келадиган авж қисмида эса Турк авжидан ижодий фойдаланилган. Турли йилларда «Гулузорим» ни О. Имомхўжаев, О. Апима ҳсумов бадиий таъсирчан тарзда ижро этишган. Чолғу куй сифатида ҳам ижро этилади.