ГУМАНИЗМ (лот. humanus — инсоний) — одамларга меҳр-муҳаббат б-н қараш, уларни ҳурмат қилиш, инсоннинг моддий фаровонлигини юксалтириш ва кишиларда юксак маънавий фазилатларни ривожлантиришга ғамхўрлик қилиш (қ. Инсонпарварлик).
Тор маънода — Уйғониш даври (13 — 16-а. лар)да схоластикага ва черковнинг маънавий ҳукмронлигига қарши турган дунёвий ҳурфикрлилик. Ғарбий Европадаги бир неча мамлакатларда Гуманизм ижтимоий тафаккур соҳасида, адабиёт, санъат ва илм-фанда католицизмга ва шахснинг қуллигига қарши қаратилган илғор ҳаракат эди. Гуманизм тарафдорлари ўз замонасининг тараққийпарвар кучлари бўлган. Улар инсон ҳуқуқи ва олижаноб фазилатлар, илммаърифат ва ҳуррият учун, кишиларнинг ҳар томонлама эркин ривожланиши учун кураш олиб бордилар. Гуманизмнинг атоқли намояндалари Ф. Петрарка, Ж. Боккаччо, Леонардо да Винчи, Ж. Бруно, Т. Кампанелла (Италия), М. Монтень, Ф. Рабле (Франция), Т. Мор, Ф. Бэкон (Англия), Э. Роттердамлик (Нидерландия), Н. Коперник (Польша) ва б. эди.