ГУНАФШАДОШЛАР (Violaceae) – икки уруғ паллали ўсимликлар оиласи. Тропик ва субтропик минтақаларда кенг тарқалган. 16 туркум ва 850 тур киради. Гунафшадошлар бир йиллик ва кўп йиллик ўт, бута, чала бута ва паст бўйли дарахтлар. Барглари, асосан, бутун, навбат билан жойлашган. Гуллари биттадан ёки иккитадан бўлиб, барг қўлтиғидан чиқади, актиноморф ёки зигоморф. Косача ва тожбарглари 5 тадан, пастки тожбаргларининг остки қисми пихга айланган, чангчиси 5 та, уруғчиси 2 — 5 та, тугунчаси устки, бир уяли. Ўзбекистонда бинафша туркумига мансуб турлари ўсади. Айрим турлари баҳорда очиладиган хушманзара ўсимлик сифатида экилади.