ГУРДУШ (ГЎЖАЙЛИ) ҚАБРИСТОНИ

ГУРДУШ (ГЎЖАЙЛИ) ҚАБРИСТОНИ — қуйи Зарафшоннинг қад. ўзанида жойлашган, жез даврига оид кабристон. 1953 й. да Я. Ғ. Ғуломов томонидан ўрганилган. Гурдуш (гўжайли) қабристонида 5 та ёрма қабр текширилган. Маййитлар букчайган ҳолда бир ёни билан дафн этилган. Чириб, кукунга айланган скелетларнинг билаклари, оёқ ва умуртға суяклари ўрнида қимматбаҳо тошлар ва жездан ясалган қўшалоқ билагузуклар, турли хил мунчоқлар, қулоқ яқинида эса исирғалар бор. Ҳар бир қабрда сирти нақшланган 1—2 та туваксимон сопол идиш ёки уларнинг парчалари учрайди.

Гурдуш (гўжайли) қабристонига ўхшаш ёдгорликлар қад. Хоразм, Фарғона водийси, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ҳам топилган. Булар мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярмида Ўрта Осиё чўл ва даштларида истиқомат қилган ўтроқ чорвадор қабилаларнинг моддий маданият тарихини ўрганиш учун қимматли манбадир.

Ад.: Гулямов Я. Г., Археологические работы к западу от Бухарского оазиса, Труды Ин-та истории археологии АН УзССР, вып. 8, Т., 1956; Гулямов Я. Г., Исламов У., Аскаров А., Первобытная культура и возникновение орошаемого земледелия в низовьях Зарафшана, Т., 1966.