ГУРОН

ГУРОН, Хьюрон (Huron — индейслар қабиласи номидан) — Шим. Америкадаги кўл, АҚШ ва Канада ҳудудларида. Катталиги жиҳатидан Буюк кўллар ичида 2-ўринда. Майд. 59,6 минг км2. Энг чуқур жойи 208 м. Шим. соҳиллари баланд, қояли, жан. — паст. Шим.-ғарбда Сент-Мэрис дарёси орқали Юқори кўл б-н; Макино бўғози орқали Мичиган кўли б-н; жан. да Сент-Клэр дарёси, Сент-Клэр кўли ва Детройт дарёси орқали Эри кўли б-н туташган. Гуронга кўп майда дарёлар қуйилади, ундан факат Сент-Клэр дарёси оқиб чиқади. Сув сатҳининг баландлиги деярли ўзгармайди. Дек. дан апр. гча музлайди. Кўл балиққа бой (гулмоқи, таран, лаққабалиқ ва б.). Кема қатнайди. Йирик портлари: Сарния, Мидленд (Канада), Алпина (АҚШ) ва б.