ГУСЧИЛАР ҲАРАКАТИ

ГУСЧИЛАР ҲАРАКАТИ (1419-37) – чех халқининг католик черковига, мулкдорлар зулми ва немис зўравонлигига карши кураши. Гус Яннинг ўтга ташлаб ўлдирилиши Чехияда оммавий норозиликни авж олдирди. 1419 й. халқ тарғиботчилари — гусчилардан Микулаш, Ян Чапек ва б. нинг чақириғи билан минглаб деҳқонлар Табор, Ореб, Беранек тоғларида йиғилиб, ўзларини гусчилар деб аташди. 1419 й. 30 июлда Прага ш. камбағалларининг Ян Желивский бошчилигида кўтарилган исёни, қуролли курашнинг бошланиши бўлиб, бутун Чехияга ёйилди. Чехия икки душман лагерга — олий руҳонийлар, чех панлари, немис зодагонлари ва қуйи дворянларнинг бир қисмидан иборат мулкдор католикларга ва гусчиларга бўлинди. Гусчиларда мўътадил ва радикал икки қанот пайдо бўлди. Панлар, рицарлар, ўрта руҳонийлар, бой ҳунармандлар, чех зиёлиларидан иборат мўътадил гусчилар — чашниклар черков ерларини давлат ихтиёрига ўтказиш, мустақил чех миллий черковини ташкил этиш ва черковни ислоҳ қилиш ҳаракатидан нарига ўтмадилар. Деҳқонлар ва шаҳарлик фуқароларнинг кенг табақаси, руҳонийлар, майда дворянларнинг бир қисми ва ҳунармандлардан иборат радикал қанот — таборитлар жамияти черковни ислоҳ қилиш, хусусий мулкни ва мулкдорларга берилган имтиёзларни бекор қилиш тарафдори эди. Кейинчалик чашниклар сотқинлик қилиб, католикларга қўшилиб кетдилар. Таборитлар енгилганига қарамай католик черковига зарба берилди, деҳқонлар крепостнойлик асоратига тушишдан иккинчи марта қутулиб қолди.

Loading...