ГУТТУЗО

ГУТТУЗО (Guttuso) Ренато (1912.2.1, Сицилия — 1987) — итальян рассоми ва графиги, жамоат арбоби. Римдаги БА акад. (1960). Антифашистлар ҳаракати иштирокчиси, 2-жаҳон уруши даврида Қаршилик кўрсатиш ҳаракатида қатнашган. Италия санъатида ижтимоий реалистик йўналишни бошлаб берган; халқ ҳаёти ва инқилобий кураш мавзуидаги қаҳрамонона лавҳалар, замонавий дунё қарама-қаршиликлари акс этган драматик таъсирчан, умумлашма шакллари б-н ажралиб турувчи асарлар муаллифи. Ижодида манзара ва натюрморт алоҳида ўрин тутади: «Отиш» (1938), «Бизга худо ёр» расмлар туркуми (1944—45; Тинчлик Олтин медали, 1950), «Сицилиядаги бўш ерларни эгаллаш» (1948—50), «Гаррибалдининг Аммиральо кўпригидаги жанги» (1951 — 52), «Оломон» (1960), «Сават, омбур ва болға» (1961), «П. Тольятти ўлими» (1965), «Янгиликлар» композицияси (1971) ва б. Г. ижоди итальян рассомлари, шунингдек, Европа мамлакатларининг бир қатор рассомлари ижодига кучли таъсир кўрсатган.