ГУВОҲНОМА

ГУВОҲНОМА — 1) юридик фактларни (мас, бола туғилганини, никоҳдан ўтилганини, никоҳ бекор қилинганини) тасдиқлайдиган ҳужжат. Г., албатта, тасдиқланиши шарт бўлган юридик фактларни назарда тутади, бу шарт қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилади. Гувоҳнома шақли ва белгилари тегишли ҳуқуқий ҳужжатда қайд этилиб, уларга риоя қилмаслик Гувоҳнома ҳақиқий деб топилмаслигига сабаб бўлиши, мазмуни бўйича фақат суд орқали баҳсланиши мумкин. Гувоҳнома махсус ном билан аталади (мас, олий ўқув юртини битирганлик тўғрисида ёки проф. илмий унвонини бериш тўғрисида Гувоҳнома ва ҳ. к.);

2) муайян соҳада ишлаётган ёки таҳсил олаётган шахсларга (мас, Президент девони, Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, суд, милиция, Адлия вазирлиги ходимларига, адвокатларга, олий ўқув юрти талабалари, ўқитувчилари ва ҳ. к. га) топшириладиган, эгаллаб турган лавозимлари юзасидан гувоҳлик берадиган ҳужжат;

3) маълум бир шахснинг хизмат ва б. ҳолатларини, шунингдек, бирор ишга (мас, тафтиш ўтказишга) ваколатини тасдикловчи ҳужжат. Шахсга муайян малака берилганлиги ҳақидаги Гувоҳнома ва шу турдаги бошқа Гувоҳнома ларда унинг муддати кўрсатилмайди, малака комиссияси раиси ва аъзолари имзоси бўлади. Бирор шахсга муайян имтиёз берилганлиги ҳақидаги Гувоҳнома матнида тегишли қонун ёки ҳукумат қарорига ҳавола ёзилади.