ГВИНЕЯ

ГВИНЕЯ (Guinee), Гвинея Республикаси (Republique de Guinee) — Ғарбий Африкадаги давлат. Майд. 246 минг км2. Аҳолиси 7,4 млн. киши (1990-й. лар охири). Пойтахти — Конакри ш. Маъмурий жиҳатдан 8 вилоят (провинция)га, вилоятлар 35 префектурага бўлинади.

Давлат тузуми. Гвинея — республика. Амалдаги конституцияси 1991 й. 23 дек. да кучга кирган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи — президент (Л. Конте; 1998 й. қайта сайланган). У умумий яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади ва яна бир марта қайта сайланиши мумкин. Конун чиқарувчи ҳоки-миятни Миллат мажлиси (бир палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Гвинея ҳудуди субэкваториал минтақада. Қирғоқлари парчаланган. Рельефи, асосан, ўртача баланд (800—1000 м) ва паст тоғлар, ясси платолардан (300—400 м) иборат. Энг баланд жойи — Нимба тоғи, 1752 м. Океан соҳили тор пасттекислик. Фойдали қазилмалардан боксит, темир, олмос, олтин ва б. бор. Иклими экваториал-муссон, иссиқ, ёзи сернам. Энг иссиқ ойнинг (март ёки апр.) ўртача т-раси 27—30°, энг баланд жойларида 23° гача, энг салқин ойники (авг.) 24—26°, баландликларда 18° гача. Ўртача йиллик ёғин 1200—4000 мм. Ёмғирли мавсум мамлакат шим. да 5 ой, жан. да 7—10 ой. Дарёлари кўп ва серсув. Асосий дарёлари: Гамбия, Бафинг, Нигер ва Конкуре. Гвинея ҳудуди қизил, қизил-сариқ тупроқли. Энг кўп ўсимлиги — саванна. Соҳилда мангра ўрмонлари бор. Гвинеяда тартибсиз овлаш натижасида фил, гиппопотам, кийик, ёввойи чўчқа, қоплон, гепард каби ҳайвонлар кам қолган. Маймун, илон, ҳар хил қуш, балиқ, ҳашаротлар (жумладан, цеце пашша) жуда кўп.

Аҳолиси. Гвинеяда фульбе, малинке, сусу ва б. халқлар яшайди. Давлат тилифранцуз тили. Аҳолининг 89% мусулмон, 1,5% христиан, қолгани маҳаллий динларда. Шаҳар аҳолиси 25,6%. Йирик шаҳарлари: Конакри, Киндиа.

Тарихи. Ҳоз. ҳудудининг бир қисми Гана (тахм. 4—13-а. лар) ва Мали (тахм. 13— 16 а лар) каби ўрта аср давлатлари таркибига кирган. 1725 й. да Ғарбий Африканинг шим. дан кириб келган кўчманчи чорвадор фульбе кабиласи Фута-Жаллонда ҳарбий феодал давлат тузган. 15-а. ўрталарида Гвинеяда дастлабки европаликлар пайдо бўлган. Кўп ўтмай унинг қирғоқ бўйи ерлари мустамлакачилар қўл остига ўтгач, улар 19-а. гача минглаб маҳаллий аҳолини қул қилиб Америкага олиб бориб сотган.

19-а. да французлар Г. ни тобе этиш учун кескин кураш олиб борди. Франция бу курашда ғалаба қозонди ва 1880—90-й. ларда уни босиб олди. 1895 й. Франция Гвинеяси номи билан алоҳида мустамлакага айлантирилди. Гвинея халқи мустамлакачиларга қарши узоқ вақт курашиб келди. 19-а. нинг 70—90-й. ларида малинке халқининг курашини, Фута-Жаллондаги қўзғолонларни (1900) французлар қийинчилик билан бостирди. 1904 й. да Г. Франция Ғарбий Африкаси таркибига қўшиб олинди. Ҳукуматни француз губернатори бошқарди. 1-жаҳон урушидан сўнг Гвинеяда европаликларнинг банан, ананас, кофе плантациялари пайдо бўла бошлади. Кейинчалик саноат корхоналари (асосан кончилик саноати) вужудга келди. 2-жаҳон урушидан сўнг Гвинеяда миллий озодлик ҳаракати авж олиб кетди. 1945—46 й. ларда мамлакатда сиёсий партиялар, тўгараклар тузилди. Африка Демократах Бирлашмасининг секцияси сифатида 1947 й. да ташкил топган Г. Демократик партияси мустамлакачиликка қарши бўлган барча кучларни бирлаштириш вазифасини ўз зиммасига олди. 1958 й. 2 окт. референдумига мувофиқ Гвинея мустақил республика деб эълон қилинди. 1978 й. дан 1984 й. гача Гвинея Халқ Революцион Республикаси деб аталди. 1984 й. апр. да Г. Республикаси номини олди. Гвинея 1958 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1993 й. 24 июнда ўрнатган. Миллий байрами —2 окт. — Мустақиллик куни (1958).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмаси. Гвинея халқи бирлашмаси (1992 й. да тузилган), Бирлик ва тараққиёт партияси (1992 й. да тузилган), Тараққиёт ва янгиланиш учун иттифоқ партияси (1998 й. да тузилган). Гвинея меҳнаткашлари кон-федерацияси (1984 й. тузилган) мамлакатнинг ягона касаба уюшмаси марказидир.

Хужалиги. Гвинея — кон саноати нисбатан ривожланган аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. улуши 28%, саноат улуши 27,5% (жумладан, кон саноати улуши 23,9%)ни ташкил этади. Мустақилликка эришгач, Гвинея миллий иқтисодиёти анча тез ўса бошлади. Ажнабийларга қарашли компаниялар, банклар, электр ст-ялар, бир қанча корхоналар давлат ихтиёрига олинди.

Қишлоқ хўжалиги — Г. иқтисодиётининг негизи. Меҳнатга қобилиятли аҳолининг 74% қ. х. да банд. Асосий қ. х. экинлари — кофе, банан, ананас, шоли; шунингдек оқжўхори, маккажўхори, тариқ, маниок, батат, ер ёнғоқ ва б. экинлар ҳам экилади. Энг муҳим техника экини — ёғли пальма. Чорвачилик — қ. х. да қолоқ тармоқ; қорамол, қўй ва эчки боқилади, балиқ овланади. Электр энергиянинг кўпини гугурт-тамаки ва тўқимачилик к-тлари, ғишт, мебель, автомобиль ва велосипед йиғиш, консерва, ёғ, сабзавот-мева консервалаш, ёғоч тилиш з-длари бор. Т. и. уз. —662 км, автомобиль йўллари уз. — 28,4 минг км. Муҳим автомагистрали Конакри, Киндиа, Канкан, Бейла, Нзерекоре ш. лари орқали ўтади. Йирик денгиз портлари: Конакри, Камсар. Мамлакат ичкарисида юкларнинг купи Мило дарёсида ташилади. Гвинея четга алюминий оксиди, кофе, банан, олмос, олтин, боксит, пальма ёғи, ананас, темир руда чиқаради. Четдан асбоб-ускуна, қ. х. машиналари, автомобиль, нефть маҳсулотлари, металл буюмлар, озиқ-овқат ва б. олади. АҚШ, Франция, Германия, Испания, Камерун б-н савдо қилади. Пул бирлиги — Г. франки.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий муассасалари. Гвинеяда аҳолини эмлаш ва камбағалларга тиббий хизмат — бепул. Шифокорлар Конакри политехника интининг тиббиёт ф-тида ва чет элларда тайёрланади. Мустақиллик эълон қилинган пайтда катта ёшли аҳолининг 90% саводсиз, одий ўқув юртлари йўқ эди. 1968 й. да саводсизликни тугатиш миллий бошқармаси тузилди, бошланғич мактабда миллий тиллар ўқитила бошлади. 7 ёшдан бошлаб болалар учун 6 й. лик мажбурий бошланғич таълим жорий этилди. Ўрта мактаб 6 й. лик. Ҳунартехника таълими малакали ишчилар тайёрлайди. Олий уқув юртлари: Конакри политехника ин-ти. Канкан политехника ин-ти, Фулайя қ. х. ин-ти. И.-т. ишлари Конакри и.-т. ва ҳужжатлаштириш ин-ти, Киндиа микробиология ин-ти, Канкан шоли, Киндиа мева ин-тлари, океаншунослик, гелиофизика ва тропик иқлим шароитида конструктив материалларни синаш и. т. марказида олиб борилади.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекурсатуви. Гвинеяда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Йириклари: «Жур-наль офисьель де Гине» («Гвинея расмий газетаси», француз тилидаги ҳукумат хабарномаси, ойига 2 марта чиқади), «Хоройя» («Қадр-қиммат», француз тилидаги ҳафталик газ., 1961 й. дан чикади), «Фонике» (ойлик жур., 1974 й. да асос солинган). Гвинея матбуот агентлиги 1960 й. да тузилган. Гвинея радиоэшиттириш ва телекурсатуви хизмати ҳукуматга қарашли. Миллий телекурсатув 1977 й. майдан буён бериб борилади.

Адабиёти. Гвинея халклари фольклор намуналарига бой. Ёзма адабиётида қасида тарзида ёзилган достонлар кенг тарқалган. Тарихий ва диний мавзулардаги қасидалардан баъзилари (Муҳаммад Али Тьямнинг «Хожа Умар ҳаёти», 1935) халқ орасида машҳур.

Гвинея адабиётида янги поэзия қад. анъаналар асосида француз тилида таркиб топди. Кейта Фодеба сиёсий мавзудаги «Африкада тонг», «Ярим кеча» (1950) достонларини халқ афсоналари асосида яратган. Рай Отра (Мамаду Траоре) мустамлакачиликка карши шеърлар езди («Озодлик сари» туплами). Ўз ижодини автобиографик қисса («Қора бола», 1953) билан бошлаган Камара Лей «Қиролнинг қараши» модернистик романини, «Ҳайкал кўзлари» ҳикоясини нашр эттирди. «Фаралако», «Ассиату сентябрда» романларининг муаллифи Э. Сиссе мустақиллик учун кураш ғоясини илгари сурган. А. Фантуренинг «Тропиклар доираси» ва «Сахел қўшинидаги киши» романларида мустамлакачиликдаи кейинги воқелик муаммолари кўтарилган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Гвинея халқларининг қад. турар жойлари юмалоқ шаклда қурилиб (ўтовга ўхшаш), томи қамиш билан ёпилган. 2-жаҳон урушидан кейинги бинолар қурилишида замонавий меъморлик намуналари яққол кўринди. Бу биноларда хоналарни қуёшдан сакловчи буғот, панжаралардан фойдаланилган. Мустақиллик йилларида Конакрида жамоат ва саноат бинолари: политехника ин-ти, стадион, радиомарказ, босмахона ва б. қурилди.

Гвинея ҳудудидан одам ва ҳайвонларнинг ҳайкалчалари, уйма безакли ва буялган ёғоч буюмлар, одамларнинг ёғоч шакллари (афсонавий ҳайвон бошли, геометрик шаклли), ёғоч ва суякдан ясалиб турли рангга бўялган ниқоблар (диний маросимларда кийилган) топилган. Қамишдан буюм ясаш (турли рангга бўялган сумка, елпиғич, сават ва б.), геометрик ҳошияли рангдор матолар туқиш ривожланган. Гвинеяда профессионал санъат ривожланмаган.

Театр санъати қад. Қишлоқ байрамларида юзи ва таналари бўялган, серҳашам кийим ва ниқоблардаги раққослар ўйини кўпинча театр томошаларига айланиб кетади. 1948 й. Г. шоири К. Фодеба Парижда «Африка балети» ансамблини тузди. Шу асосда «Г. Африка балетлари» ташкил топди (1958). 1964 й. да «Жолиба» миллим ансамбли тузилди. Ҳар йили бадиий ҳаваскорлар тўгаракларининг кўриги ўтказилади. Вилоятларда баҳордан кузгача драма, фольклор, балет, қўшиқ мусобақалари ўтказиш одат тусига кирган.

Мамлакатда йилига 2—3 фильм яратилади. 30 га яқин кинотеатр бор.

Loading...