ҒАНИЕВ

ҒАНИЕВ Наби (1904 – Тошкент – 1953.29.10) — кинореж., ўзбек киносининг асосчиларидан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944). Москвадаги Олий давлат бадиий-техник устахонасининг рабфакида ўқиган (1921—25). 1925 й. Тошкентда киносту-дия ишга туширилгач, Ғ. Тошкентга қайтади ва умрининг охиригача шу киностудияда ишлайди. Атрофига иқтидорли ёшларни тўплаб, уларга кино ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадида «Киноактёр» ва «Киносце-нарий» китобларини ёзади, «Ўзбекистон кино дўстлари» жамиятини тузади, кинотехникум (ҳоз. Ғаниев номида) очилишида фаоллик кўрсатади. Аввал актёр, консултант, реж. ёрдамчиси бўлган, асосий реж. лик фаолиятини 30-й. лар бошлаган. Унинг «Юксалиш», «Рамазон», «Йигит» фильмлари ўзбек бадиий киносининг шаклланишида муайян босқич йўлини ўтади.

2-жаҳон уруши йиллари Ғаниев «Биз енгамиз» фильми суратга олинишида қатнашди ва «Довюрак дўстлар» фильмини яратди. Кейинчалик унга катта шуҳрат келтирган ва ўзбек киносининг дурдоналаридан бўлган «Тоҳир ва Зуҳра» (1944), «Насриддиннинг саргузаштлари» (1947), «Фарғона қизи» (1948) каби фильмларни экранлаштирди.

1949—52 й. лар давомида яратган «Қорақалпоқ диёрида», «Фарғона водийси», «Канаш», «Ўзбек рақси усталари» каби ҳужжатли фильмларида республика меҳнаткашлари ҳаёти, меҳнати, санъатини улуғлади. Ғаниев ижоди ўзбек кино санъати шаклланиши ва тараққий этишида катта роль ўйнади. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001). Тошкент кўчаларидан бирига Ғаниев номи берилган.

Ад.:Абулқосимова X., Наби Ғаниев, Т, 1967.

Ханжара Абулқосимова.

Loading...