ҒАРБИЙ ОСИЁ

ҒАРБИЙ ОСИЁ, Олд Осиё — Осиё қитъасининг ғарбий ва жан.-ғарбий қисмида жойлашган ҳудудларнинг шартли номи. Ғарбий Осиёга табиий жиҳатдан Кичик Осиё, Арабистон, Синай я. о. лари ва уларга ёндош орол ва ҳудудлар (Кипр, Кавказ бўйни, Шарқий Тавр тоғлари ва Эрон тоғлигининг катта қисми, Месопотамия пасттекислиги ҳамда Ўрта денгизнинг шарқий соҳилидаги ҳудудлар, хусусан, Левант ўлкалари) киритилади. Майд. 7,5 млн. км2. Тектоник тузилишига кўра Ара-бистон ва Синай я. о. лари қад. Гондвана материгининг бўлаклари бўлиб, платформа тузилишига эга. Ғарбидан Катта Африка ер ёриғининг шим. қисми ўтган. Иордан дарёси водийси, Ўлик денгиз, Ақоба қўлтиғи, Қизил денгиз шу ёриқда жойлашган. Ғарбий Осиёнинг катта қисми тоғлардан иборат. Кичик Осиё, Кавказ жан. ва Шарқий Тавр тоғлари Альпҳимолай геосинклиналь ўлкасида. Рельефи нотекис, баланд ёш тизмалар кенг ва чуқур водийлар билан кесилган. Сейсмик фаол зона, ҳаракатдаги ва сўнган вулканлар бор. Иқлими субтропик ва қуруқ тропик. Арабистон я. о. нинг катта қисми чўл, кўп қисми қумли чўллар, шим. да қуруқ даштлар бор. Кичик Осиёнинг шим. қисмлари, Кавказ жан.-ғарбининг иклими нам субтропик бўлиб, доим яшил ўрмон ва бутазорлар билан қопланган. Ғарбий Осиё нефть ва газга энг бой ўлкалардан. Қад. маданият марказларидан. Сув бор жойлар қадимдан ўзлаштирилиб, воҳаларга айлантирилган. Йирик шаҳарлар бор. Христиан, яҳудий, ислом динларининг маркази.

Ғарбий Осиёда Арманистон, Афғонистон, Баҳрайн, БАА, Грузия, Иордания, Ироқ, Исроил, Кипр, Қувайт, ливан, Миср (Осиё қисми), Озарбай-жон, Саудия Арабистони, Сурия, Туркия, Уммон, Фаластин, Эрон, Яман, Қатар давлатлари жойлашган.