ҒАРБИЙ САҲРОИ КАБИР

ҒАРБИЙ САҲРОИ КАБИР — Африканинг шим.-ғарбий қисмидаги ҳудуд. Саҳрои Кабир чўлининг ғарбий қисмида, Атлантика океани соҳилида жойлашган. Шим. да Марокаш, шим.-шарқдан Жазоир, жан. ва шарқдан Мавритания билан чегарадош. Майд. 266 минг км2. Ғ. С. К. икки қисм: Сагиет ал-Ҳамра (шим., 82 минг км2) ва Рио-де-Оро (жан., 184 минг км2) дан ибо-рат. Аҳолиси 200 минг киши (1992), асосан, маврлар. Асосий тили — араб тили, дини — ислом.

Рельефи текислик бўлиб, қад. Африка платформасининг Ал-Айюн букилмасида жойлашган. Энг баланд жойи шим.-шарқида, Атлас тоғи этакларида. Ғарбий Саҳрои Кабир табиат ресурсларига бой. Фойдали қазилмалардан фосфорит, темир, мис рудалари, нефть, калий тузи, симоб, марганец, уран конлари бор. Иқлими катта қисмида тро-пик чўл, соҳил қисмида бирмунча юмшоқ денгизбўйи иқлими. Ўртача ойлик т-ра 17—20°дан 25—30° гача. Йиллик ёғин 50—200 мм. Дарёлари мавсумий. Ўсимликлари бута ва ўтлардан иборат. Воҳаларда акация, пальма, фикус ўсади. Ҳайвонлардан туёқлилар, судралувчи ва майда кемирувчи кўп. Йиртқичлардан гепард, чиябўри, сиртлон яшайди. Қирғоққа яқин сувлари балиққа бой. Аҳоли, асосан, чорвачилик билан шуғулланади. Туя, қўй ва эчки боқилади. Арпа, буғдой, сабзавот экинлари экилади.

Қадимда Ғарбий Саҳрои Кабирда Африка шим. дан келган барбар қабилалари яшаган. 7-а. да ҳудудни араблар эгаллаган. 9—11-а. ларда Ғарбий Саҳрои Кабир Гана империяси, 11 —12а. ларда Ал-Моравийлар давлати таркибида бўлган. Европаликлар ҳудудга илк бор 15-а. охирларида келиб ўрнаша бошлаганлар. 1887 й. да Испания Риоде-Орони ўз таъсир доирасидаги ҳудуд деб эълон қилди. 1904 ва 1912 й. лардаги Франция—Испания битимларига кўра, Сагиет ал-Ҳамрани ҳам ўз мулкига қўшиб олди. 1959 й. да Ғ. С. К. Испаниянинг «денгиз орти провинцияси» деб эълон қилинди. Маҳаллий халқ озодлик учун фаол кураш олиб борди. 1970 й. да Ал-Айюнда мустамла-качиларга қарши катта оммавий чиқишлар бўлди. 1973 й. да Сагиет ал-Ҳамра ва Рио-де-Орони озод қилиш фронти — ПОЛИСАРИО ташкил топди (Бош котиби Муҳаммад Абдулазиз). Ғ. С. К. да мустамлакачилик тузумини бекор қилиш тўғрисидаги масала БМТда 1966 й. дан бошлаб бир неча бор муҳокама қилинди. 1975 й. 14 ноябрда Мадридда имзоланган Шарт-номага мувофиқ Испания 1976 й. февр. ойида ўз мустамлакасини Марокаш ва Мавритания ихтиёрига ўтказишини эълон қилди. 1976 й. бошида Испания қўшинлари Ғарбий Саҳрои Кабирдан чиқиб кетди. 1976 й. 27 фев. да ПОЛИСАРИО фронти Ғарбий Саҳрои Кабирда Саҳрои Кабир Араб Демократик Республикаси (СКАДР) тузилганлигини эълон қилди. 1976 й. 26—30 авг. да СКАДР Конституцияси қабул қилинди. 1984 й. да СКАДР Африка Бирлиги ташкилотига аъзо бўлди, уни 70 давлат тан олди. 1979 й. да Мавритания Ғарбий Саҳрои Кабирга нисбатан ҳудудий даъвосидан воз кечди. марокаш Мавритания назорати остидаги ҳудудни ҳам эгаллаб олди. БМТ Бош Ассамблеяси ва Африка Бирлиги ташкилоти Ғ. С. К. муаммосини ҳал этиш мақсадида Марокаш ва ПОЛИСАРИО фронти ўртасида қуролли тўқнашувларни тўхтатиш бўйича битимлар тузиш ва Ғарбий Саҳрои Кабирда ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи бўйича референ-дум ўтказишни ташкил этишни ёқлаб чиқди. Бироқ Марокаш ҳукумати ПОЛИСАРИО фронти билан бевосита келишиб олишга қарши. 1991 й. да БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Ғ. С. К. да референдум ўтказиш бўйича БМТ Миссияси тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Миссия халқни ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи бўйича референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни назорат қилиши лозим. Бироқ томонларнинг келиш-мовчилиги туфайли референдум ўтка-зиш ортга сурилмоқда. 1996 й. да марокаш билан ПОЛИСАРИО ўртасида ўзаро алоқаларнинг янгиланиши муносабати билан БМТ Миссия мандатини чўзишга қарор қилди.

Loading...