ҒАССОНИЙЛАР ДАВЛАТИ — Яқин Шарқдаги илк ўрта аср давлати (5-а. охири — 7-а. боши). Жан. Сурия ва Иордания ҳудудларини қамраб олган. Арабларнинг ғассон қабиласидан чиқ-қан ғассонийлар сулоласи томонидан асос солинган. Ғассонийлар давлати 6-а. да кучайган. Византия Сурия ва Фаластинни Эронга тобе бўлган араблар чопқунидан мудофаа этиш учун ғассоний ал-Ҳорис ибн Жабал (529— 564) ни Сурия ва Фаластин арабларининг олий ҳукмдори деб тан олган ва унга патрикий унвонини берган. Ал-Ҳорис Византиянинг Эрон билан бўлган урушларида иштирок этган. Ғассонийлар давлати ал-Ҳориснинг ўғли — ал-Мунзир даврида (569—581) янада кучайган. Бундан Византия хавотирга тушиб, 581 й. ал-Мунзирни хиёнатда айблаб, уни қўлга олган ва Сицилияга сургун қилган. 7-а. бошигача Ғассонийлар айрим воҳачар ва қабилалар устидан ҳукмронлик қилганлар, сўнг ғассонийлардан бири — Жабал ибн ал-Айхам Ғассонийлар давлатини тиклашга муваффақ бўлган. Ғассонийлар давлатида юксак деҳқончилик маданиятига эга бўлган воҳалар аҳолиси муҳим мавқега эга эди. Ғассонийлар давлатида монофисийлик диний эътиқоди тарқалган. Ғассонийлар давлати 633—640 й. ларга қадар мавжуд бўлган.