ҒАВВОСЛИК

ҒАВВОСЛИКсув остида турли и. т. ва амалий ишларни бажариш мақсадида одамлар (ғаввослар)ни махсус кийимларда сув остига тушириш билан боғлиқ фаолият соҳаси. Қадимда (айрим жойларда ҳозир ҳам) одамлар сувга ҳеч қандай воситаларсиз, нафасини 1—2 мин. ичига ютиб, 20—30 м чуқурликкача шўнғиганлар. Кейинчалик нафас олиш учун қамиш най, ҳаво тўлдирилган меш, ҳаво ёстиғи ишлатиладиган бўлди. 18-а. охирларида ҳаво насоси ихтиро қилинганидан кейин Ғаввослик жиҳозлари қўлланила бошлади (қ. Скафандр).

Ғаввослик техникаси сув ичида турли ишларни бажариш учун мўлжалланган кийимбош ва асбоб ускуналардан иборат. Нафас олинадиган газ аралашмаси билан таъминлаш усулига кўра, Ғаввослик кийими айрим ва бириктирилган, нафас олиш схемаси бўйича вентиляцияланувчи, газ аралашмасининг таркибига кўра, ҳаволи, кислородли, азот-кислородли, гели-кислородли ва б. га бўлинади. Ғаввослик кийимининг ҳаво ва сув ўтказмайдиган қобиқ ҳосил қилувчи ва ғаввосни ташқи муҳит таъсиридан сақловчи қисми скафандр дейилади. Бу кийимда ғаввос шланг орқали тепадан бериладиган сиқилган ҳаво билан нафас олади, махсус клапан орқали нафас чиқаради. 100 м гача чуқурликка ҳаво-кислородли, 100—300 м ва ундан чуқурга гели-кислородли кийимда тушилади. 20-а. 30-й. лари бошида айрим кислородли нафас олиш агтарати ўрнатилган Ғаввослик кийими, 40-й. ларда эса ҳаво-баллон аппаратли Ғаввослик кийими — акваланг пайдо бўлди, 60-й. ларда ғаввосларнинг сув остида узоқ туришига имкон берадиган сув ости уй-лаб. лари ишлаб чиқилди. Кейинчалик Ғаввослик воситалари анча такомиллаштирилди.

Ғаввосни сувга тушириш, унинг сув тагида ишлаши ва уни юқорига чиқариб олиш учун Ғаввослик компрессори, ҳаво юбориш қурилмаси, тушириш-чиқа-иб олиш қурилмаси, сигнализация, алоқа ва ёритиш воситаси, гидролокаторлар ишлатилади.

Вазифасига кўра, Ғаввослик ишлари аварияқутқариш, кемани кўтариш, кемани таъмирлаш ва сув ости техникаси каби ишларга бўлинади.

Loading...