ҒАЗНАВИЛАР ДАВЛАТИ

ҒАЗНАВИЛАР ДАВЛАТИ — Хуросон, Шим. Ҳиндистон ҳамда қисман Мова-роуннаҳр ва Хоразмда ғазнавийлар сулоласи бошқарган туркий давлат. Ғ. д. га Алптегиннинг ғуломи ва куёви Сабуктегин асос солган. Давлат номи салтанатнинг пойтахти Ғазна ш. номидан олинган.

Туркий ғуломлар хизматлари эвазига сомонийлардан Хуросон ва Афғонистоннинг турли вилоятлари (Ғазна, Кобул ва б.) ни бошқариш ҳуқуқини олганлар. Сабуктегин Ғазна вилоятининг ноиби ва қўшин амири қилиб тайинлангач (977), у бу мулкларни мустақил бошқаришга киришган. 994 — 995 й. ларда Хуросонда бўлиб ўтган 2 жангда сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур ва ноиб Сабуктегин бошчилигидаги бирлашган қўшин исён кўтарган турк саркардалари Абу Ачи Симжурий (Абулҳасан Симжурийнинт ўғли) ва Фойиқ қўшинларини тор-мор келтириш жараёнида Сабуктегиннинг сиёсий нуфузи янада ортади.

Ғазнавилар давлати д нинг энг кучайган даври амир Сабуктегин, айниқса, султон Маҳмуд Ғазнавий ҳукмронлиги йилларига тўғри келади. 11-а. бошларига келганда Мусулмон Шарқининг энг қудратли давлатларидан бирига айланган Ғазнавилар давлатининг чегаралари ғарбда Рай ва Исфаҳон ш. лари, Каспий денгизи ҳамда шим.-ғарбда Хоразм ва Орол денгизигача чўзилган, шарқда эса Шим. Ҳиндистоннинг каттагина қис-мини ўз ичига олган ва жан. да Балу-жистонгача етган эди. Маҳмуд Ғазнавий сомонийлар сулоласи барҳам топгач, уларнинг Хуросондаги бутун ҳудудини, кейинчалик Хоразм давла-тини (1017) ҳам ўз салтанати таркибига қўшиб олган. Бироқ Жан. Тоха-ристон (ҳоз. Шим. Афғонистон)дан ташқари Шим. Тохаристон (ҳоз. Сурхондарё вилояти ва Жан. Тожикистон) ҳудудини ҳам эгаллаш учун ғазнавийлар кураш бошлаганларида қорахонийлар билан уларнинг манфаатлари ўзаро тўқнашди. Кескин курашлар натижасида Чағониён ва Термиз ғазнавийларга бўйсундирилган. Ғазнавийлар билан корахонийлар давлати ўртасидаги чегара Амударё деб эътироф қилинган. 1024 — 25 й. ларда Маҳмуд Ғазнавий Термиз яқинида Амударёни кечиб ўтиб, темир дарвоза (Темир қопқа) орқали Суғдга ҳужум қилган ва Самарқандгача борган. Бу ҳарбий юришлар натижасида Омул (Чоржуй) гача бўлган вилоятлар қорахонийлар ҳукмронли-гидан чиқиб, ғазнавийлар таъсирига ўтган. Бу даврда Ғазнавилар давлати Шарқдаги йирик мусулмон давлатига айланган эди. Бироқ, Маҳмуд Ғазнавийнинг ўғли ва валиаҳди Масъуд Ғазнавий ҳукмронлиги даврида (1030—41) Ғазнавилар давлати ўз қўл остидаги ҳудудларни бирин-кетин қўлдан чиқариб, аста-секин таназзулга юз тута бошлади.

11-а. ўрталаридан бошлаб ғазнавийларнинг асосий рақиби салжукийлар бўлди.

Ғазнавилар давлати таркибидан 1-бўлиб Хоразм ажралиб чиқди. Ғазнавийларнинг хоразмдаги ноиби Олтинтош вафот этгач (1032), унинг ўғли Ҳорун ғазнавийларга қарши исён кўтарди (1034). У салжуқийлар ва қорахонийлар билан дўстона алоқа ўрнатиб, Хоразмни ғаз-навийлардан мустақил деб эълон қилган. Бу пайтда қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасида Чағониён, Хутталон, Термизни эгаллаш учун яна кескин кураш бошланган.

Марв яқинидаги Данданакон жанги (1040 й. май)да Масъуд Ғазнавий қўшини салжуқийлардан енгилгач, ғазнавийлар Хуросонни бутунлай қўлдан чиқаришди. Мағлубиятга учраган султон Масъуд Ғазнавий Ғазнага қочган ва кейинчалик фитначилар томонидан ўлдирилган (1041). Тахтга Масъуднинг укаси Муҳаммад ўтирган. Лекин Масъуднинг ўғли Мавдуд (ҳукмронлик даври: 1041—48) амакиси муҳаммаднинг қўшинини енгиб, уни ўлдирган ва тахтга ўтирган. Султон Мавдуднинг Амударё юқори қисмидаги вилоятларни қайтариб олишдаги саъй-ҳаракатлари натижасиз тугаган. Султон Фаррухзод (ҳукмронлик даври: 1053—59)нинг ҳаракатлари бир мунча самарали бўлиб, у кетма-кет икки жангда салжуқийлар қўшинини мағлубиятга учратди. Лекин кейинчалик Алп Арслон ғазнавийларни енгишга муваффақ бўлди. Икки ўртада тузилган битим (1059)га мувофиқ, ғаз-навийлар Мовароуннаҳр ва Тохаристонга бўлган ҳар қандай ҳуқуқларини йўқотдилар. Уларнинг ҳудуди Ғазна вилояти ва Шим. Ҳиндистоннинг бир қисми (Панжоб ва б.) билан чекланиб қолди. Бу ҳудуд ҳам 12-а. бошларидан бошлаб аста-секин қисқариб борди. 12-а. нинг 60-й. ларида Ғурийлар давлати ғазнавийларни Шим. Ҳиндистонга бутунлай сиқиб чиқардилар, пойтахт Ғазнадан Лаҳорга кўчирилди (1161). Ғурийлар давлати ҳукмдори Ғиёсид-дин Муҳаммад қўшини Лаҳорни босиб олгач, Ғазнавилар давлати бутунлай тугатилди (1186).

Давлатни бошқариш. Ғазнавилар давлатида бошқарув тизими ўзининг мураккаблиги билан диққатни жалб этади. бошқарув тизимининг марказида даргоҳ ва девонлар (вазирликлар) турган. Даргоҳга олий ҳукмдор фаолияти билан боғлиқ хизматлар ва амаллар кирган. Ғазнавийлар даврида ҳожиблик хизматининг ўрни алоҳида эътиборга лойиқ. Даргоҳ фаолиятида сипоҳдор (сарой хизматчиси), давотдор (олий ҳукмдорнинг ҳужжатларини юритувчи), пардадор (маҳрам; хуфия ишларни бажарувчи), мартабадор (саройдаги ўрта амалдор), хазиначи, жома хона ва фаррош каби мансаб ва хизматларнинг ўрни катта бўлган.

Девонлар ижроия идоралари бўлиб, ўша давр манбаларида 5 та девон номи учрайди. Улар вазир девони (бош вазир девони); ҳарбий ишлар девони; элчилик ва б. расмий тадбирларни юри-тиш девони; молия девони; почта-ха-бар девони.

Вилоят бошлиғини волий деганлар ва уни олий ҳукмдор тайинлаган. вилоятлардаги бошқарув ишларни амид олиб борган. Шаҳар бошлиғини раис деб атаганлар. Шаҳар миқёсида шиҳ-на, кутвол (қалъа коменданти), соҳиби девон (маъмурий бошқарувчи) каби амалдорлар ҳам фаолият кўрсатганлар.

Ғазнавилар давлати қудратли ҳарбий қўшинга эга эди. Олий қўмондонлик ҳукмдорнинг ихтиёрида бўлган. Бош қўмондонсипоҳсолор эса сулоланинг энг ишончли вакили ёхуд шу хонадон аъзоси ҳисобланган. Мас, Маҳмуд Ғазнавий сипоҳсолор мансабига укаси Муҳаммад Юсуфни лойиқ топган. Юқори даражадаги ҳарбий лашкар-бошилар салор, ўрта даражадагилари сарҳанг дейилган. Ҳарбийлар ўз почта-хабар ва қозилик хизматларига эга бўлган. Ғазнавийлар қўшинида ҳарбий кемалар (дарё ва денгиз флоти) ҳам мавжуд эди.

Маданияти. Ғазнавилар давлатида илм-фан ва маданият, хусусан, адабиёт ривожланган. Маҳмуд Ғазнавий она тилиси туркийдан ташқари форс, араб, ҳатто паҳлавий тилларини ҳам мукаммал билган ва ўзи шеърлар битган. Унинг саройида 400 дан ортиқ олим, шоир ва санъаткорлар тўпланиб, фаол ижод билан шуғулланишган. Абу Райҳон Беруний, шунингдек, Фаррухий, Унсурий, Манучеҳрий каби шоирлар, Носир Хусрав, Утбий, Гардизий, Байҳақий шулар жумласидан бўлиб, Ғазнада яшашган. Беруний ўзининг «Қонуни Масъудий» ва Байҳақий ўзининг «Таърихи Масъудий» асарларини Масъуд Ғазнавийга бағишлашган. Фирдавсий машҳур «Шоҳно-ма» достонини Маҳмуд Ғазнавийга тақдим этган. Бироқ буюк табиб Абу Али ибн Сино Ғазнага — султон саройига боришдан бош тортган. Шим. Ҳиндистонни исломлаштириш ва турклаштириш жараёни айнан Ғазнавийлар давридан бошланган.

Ғазнавилар давлатида қурилиш ва меъморчиликка ҳам катта эътибор қаратилган. Ғазна, Балх, Нишопур, Лоҳур ва б. шаҳарларда кўплаб мадрасалар, масжидлар, хонақолар, саройлар ва боғлар қурилган, кутубхоналар фаолият кўрсатган. Хусусан, пойтахт Ғазна ш. гуллаб-яшнаган.

Манба.: Абу-л-фазл Байхаки, история Масъуда (1039—41), Т., 1962; 2нашри, Т., 1969; Б е р у н и й , Ҳиндистон (Танланган асарлар,2-ж.), Т., 1965; Беруний, Қонуни Масъудий (Танланган асарлар, 1—2-китоблар, Т., 1973; 1976; Ад.: Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001; Эрол Гунгур, Тарихда туркий давлатлар, Т., 2003.

Қаҳрамон Ражабов.

Loading...