ҒЎЗА

ҒЎЗАгулхайридошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми; пахта толаси олиш учун экиладиган техника экини. 3 та кенжа туркум (Еи8088уршт, Каграх, §1иг11а)ни ўз ичига олади. Булар бир йиллик ва кўп йиллик буталар, дарахтлар ҳамда тропик минтақа бута ва ўтларидир. Ғўзанинг 50 тури маълум. Ғўза туркумида хромосомалар сони диштоид (2 л = 26) ва тетраплоид (2 п =52) бўлган турлари бор. Геномининг таркибига кўра улар 6 гуруҳга (А, В, Д, С, Е, Ғ) бўлинади. Тетраплоидларда геноми АД. Турлар гуруҳлар ичида осон, гуруҳлар ўртасида эса қийин чатишади ёки дурагайларнинг тўлиқ бепуштлиги кузатилади. Тола олинадиган ўсимлик сифатида ҳинди-хитой, африка-осиё, мексика, перу ғўзалари экилади (қ. Ёввойи ғўзалар, Маданий ғўзалар). Ғ. деҳқончиликдаги қад. экинлардан бири. Ғўза пахтасидан олинадиган толадан фойдаланиш қадим замонлар — палеолит давридан бошланган. Ғўза ватани Ҳиндистон ҳисобланади. Ҳинд водийсида мил. дан 3 минг йил илгари пахта етиштирилиб, ундан йигирилган ип тай-ёрланган. Шунингдек, Хитой, Эрон, Перу ва Мексикада Ғўза мил. дан бир неча аср илгари маълум бўлган. археологик маълумотларга кўра, Урта Осиёда мил. ав. 6—5-а. дан бошлаб экилган. 10-а. дан Испанияга ва ундан бошқа Европа мамлакатларига тарқалган.

Жаҳонда Ғўза 80 дан ортиқ мамлакатда етиштирилади. Асосий пахта етиштирувчи мамлакатлар: Хитой (3,7 млн. га, 30,6 ц/га, 11,4 млн. т), АҚШ (5,4 млн. га, 17,5 и/ға, 9,5 млн. т), Ҳиндистон (9,0 млн. га, 6,9 ц/га, 6,2 млн. т), Покистон (2,9 млн. га, 15,3 ц/га, 4,4 млн. т). Шунингдек, Бразилия, Туркия, Мисрда ҳам катта майдонларни эгаллайди. 20-а. охирига келиб асосий пахта етишти-рувчи мамлакатлардан Хитойда 3,8, АҚШда 3,6, Ҳиндистонда 2,0, покистонда 1,5, Туркияда 0,8 млн. т; жаҳон бўйича 18,2 млн. т пахта толаси етиштирилди (1999). Ўзбекистон пахта толаси етиштириш бўйича жаҳонда 4-ўринда туради (ғўза экин майдони 1440,8 минг га, ҳосилдорлиги 24,5 ц/га, ялпи ҳосили3537,1 минг т; 2004).

Ботаник тавсифи. Илдиз тизими кучли ривожланган, ўқилдиз-ли, кенг тармоқланади, ер бағрига 2,4—2,6 м кириб боради, илдизининг асосий қисми тупроқнинг ҳайдаладиган қатламида жойлашади. Пояси тик ўсади, шохлайди, бўйи 70—150 см. Пастки баргларининг қўлтиғидан тўғри, узун ўсув (моноподиал) шохлар ривожланади, улар бош поядан ўткир бурчак остида чиқади. Тузилиши жиҳатидан бош пояга ўхшайди, бирор сабаб билан бош поя шикастланиб, нобуд бўлса, унинг ўрнини боса олади. Барглари бирин-кетин жойлашган, юпқа ёки қалин, кўпинча яшил, 3—7 бўлмали, ёнбаргларга эга. Биринчи чин барг ниҳол униб чиққанидан 7—10 кун, иккинчиси 4—5 кун кейин пайдо бўлади. Кўсакяар очилиши билан янги барглар чиқиши секинлашади, қариган баргларнинг тўкилиши тезлашади. Бош пояда вегетация охи-ригача 20—25 ва ундан кўпроқ барг ҳосил бўлади. Гули икки жинсли, йирик; гулбанд, гулёнбарглар, косача, гултож, чангчи устунчаси ва уруғчидан иборат (қ. Гул). Ғ. — гулширали ўсимлик; шира безлари гул ичида ва гул ташқарисида бўлади. Тугунча ўрта толали /узаларда 4—5, ингичка толали ғўзоларда 3—4 уяли. Ҳар бир уяда 5—9 ва ундан кўпроқ уруғкуртаклари бор. Меваси 3—5 чаноқли кўсак, чаноқ, мева банди, гулёнбарглар, коса-ча, мева қати, марказий уруғдон, чигит ва толалардан иборат. Ғўзанинг айрим турлари (жайдари ғўза)да кўсак ун-чалик очилмайди, айрим турларида эса чаноқлари шу қадар кенг очиладики, ҳатто пахтаси ерга тўкилиб кетади. Чигити тухум ёки ноксимон шаклда, уз. 0,6—1,5 см гача боради, энг йўғон қисмининг диаметри 0,5 — 0,8 см. Узун, асосан, оқ толалар ва кўпинча калта туклар билан қопланган. Экиладиган Ғўзалар толаси уз. 25—55 мм, осон йигирилади, чигит қоби-ғидан енгил ажралади, туклари калта (4—6 мм), қалин, дағал, чигитдан ажратиш қийин. Пишиб етилган чигитнинг қобиғи тўқ жигарранг бўлади. Дастлабки ривожланиш даврида чигитда углеводлар кўп бўлади, пишиб етилган сайин юқори моле-кулали азотли бирикмалар ва ёғлар тўпланади. 1000 дона чигит массаси 80—160 г атрофида.

Биологик хусусиятлари. Чигитнинг ҳаёт фаолияти бошланиши учун минимал ҳарорат 10—12° ҳисобланади. Етарли намлик, аэрация, ёруғлик бўлганда ҳарорат 13—14° да муртак уна бошлайди; чигит экилгандан 5—7—15 кун кейин ниҳоллар қийғос тўлиқ униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан тахм. бир ой ўтгач, биринчи шона ҳосил бўлади, яна 25—30 қундан кейин гул кўринади. Ғ. Ўзидан чангланадиган ўсимлик (четдан чангланиш камдан-кам кузатилади). Навнинг биологик хусусиятларига қараб, гуллагандан 50—60 кун кейин биринчи кўсак пишиб очилади. Вегетация даври ўртача 110—145 кун давом этади. Вегетация даврида Ғўзага (ғўза нави ва ўстириш р-нига қараб) жами 3100°—4900° фаол (1700-2200° самарадор) ҳарорат зарур. —1—2° да ниҳоллари нобуд бўлади. Ўсиш, ривожланиш ва ҳосил тўплаш учун суткалик ўртача ҳарорат 25—30° оптимал ҳисобланади. Ғўза қисқа кун ўсимлиги, лекин 13—15 соатлик ёруғ кунда ҳам нормал ўсиб ривожланади. Гуллаш ва ҳосил тўплаш даврида максимал сув талаб қилади. Сувга бўлган умумий талаб гектарига 8—10 минг м3 ни ташкил килади. Ғўза сур, қумлоқ ва ўтлоқиботқоқи ва б. ҳар хил тупроқларда ўсиб ривожланиши мумкин, лекин соя жой, намни ёқтирмайди, қучли шамолга, айниқса, гармселга чидамсиз. Шўрланган тупроқларда ўсмайди.

Xўжалик аҳамияти. Ғўза қимматлитехника ўсимли-ги; Ғ. дан олинадиган маҳсулотлардан тўқимачилик, тикувчилик, кимё, авиация, автомобиль, озиқ-овқат ва б. саноат тармоқларида кенг фойдаланилади. Пахта толасидан кийим-кечак ва техника газламалари тайёрланади. Чигитидан лингп, пахша мойи, кунжара, шулха, шрот олинади. Пахта мойи (чигит таркибида 22—29%) қимматли озиқ маҳсулоти бўлиб, глицерид, Е, А витаминлари ва Д провитамини ҳамда линолат кислотага бой. Пахта шулхаси ва шроти чорвачилик учун юқори сифатли тўйимли озуқа ҳисобланади. Пахта шротидан ажратиб олинган оқсилли озуқа ёш ҳайвонларга сут ўрнида берилади. Ғўзапоядан целлюлоза, қоғоз, картон, мебеллар учун плита материаллари и. ч. да фойдаланилади. Баргларидан лимон, олма кислоталари, ўсиш стимуляторлари олинади, чаноқлари ксилит и. ч. га ярайди.

Етиштириш техн ол огияс и . Ғ. алмашлаб экиш далаларига экилади, улардан ғўза-беда ва ғўза-дон ал-машиб экиш кенг тарқалган. Агротехника тадбирлари орасида кимёлаштириш муҳим ўрин эгаллайди. Минерал ўғитлар нормалари, уларнинг нисбати тупроқиқлим зоналарига, дала шароитига, нав ва унинг ҳосилдорлигига боғлиқ. Ўрта толали Ғўза 1 т пахта тўплаши учун тупроқдан 50—60 кг азот ва калий, 12— 20 кг фосфор; ингичка толали Ғўза эса озиқ моддаларни бунга нисбатан 20 — 25% кўпроқ олади. Микроэлементлар (бор, марганец, рух, мис, молиб-ден), органик ва маҳаллий ўғитлар ишлатилади. Чигит экиш тупроқ ҳарорати 10 кун давомида 12—14° бўлганда март охири—апр. бошларида бошланади. Экишда туксизлантирилган (чигитни аниқ экиш) ёки тукдор чигитлардан фойдаланилади. Қўш қаторлаб, кенг қаторлаб (қатор ораси 60, 90 см) экилади. Кўчат қалинлиги тупроқ шароитлари ва навнинг биологик хусусиятларига қараб ҳар гектарда 110— 170 минггача ниҳолни ташкил этади. Ўрта Осиёда Ғўза фақат суғориладиган зоналарда экилади.

Ҳосилни йиғиб олиш пахта териш машиналарига мўлжалланган далаларда дефолиация ёки десикация қилингандан кейин бошланади. Ғўза агротехникасининг барча комплекси, пахтани териб олиш, қисман суғориш ва б. баъзи агроусуллар механизациялаштирилган.

Навлари. 20-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб Ўзбекистонда 800 дан ортиқ Ғўза навлари яратилди, шундан 130 га яқини р-нлаштирилди (ўрта толали навлардан 80 та, ингичка толали навлардан 50 та). 90-й. дан бошлаб эки-лаётган асосий навлари: ўрта толали ғўза навларидан С—4727, С—6524, 175—Ф, Ан— Боёвут 2, Наманган 77, Оқ олтин, АНЎзбекистон 3, Тошкент 6, Чимбой 3010, 138—Ф, Қирғизистон 3, Юлдуз, Бухоро 6 ва б. ; ингичка толали навлардан Термиз 24, Тер-миз 31, Сурхон 5, 6249-В, 9883-И, 9871-И,С-6037, 6465-В ва б.

3 а р а р к у н а н д а л а р и : Ғ. га умуртқасиз ҳайвонларнинг 214 тури зарар етказади, булардан 207 таси бўғимоёклилар, шу жумладан, 203 таси — ўргимчаккана, шира, кузги тунлам, карадрина, ғўза тунлами ва шу каби ҳашаротлардир (қ. Ўсимлик зараркунандалари). Зараркунандаларга қарши курашда агротехник, биологик, кимёвий, интеграл ҳимоя усулларидан фойдаланилади (қ. Ўсимликларни ҳимоя қилиш).

Касалликлари: вертициллёз ва фузариоз вилт, гоммоз, илдиз чириши ва б. Ғ. экиладиган майдонларда бегона ўтларнинг 74 тури, чунончи ажриқ, ғумай, қўйпечак, саломалай-кум, итқўноқ, қора курмак ва б. лар кўп учрайди. Бегона ўтларга қарши механик ва кимёвий усуллар билан кураш олиб борилади (қ. Ўсимлик касалликлари).

Ад.: Ғўза. 1—4ж. лар,Т., 1957—61; Мальцев А. М ., Ғўза, унинг турлари, тузилиши ва ривожланиши, Т., 1960; Ржевский Г. К., Ғўза, Т., 1951; Ғўзанинг физиологи-яси ва биохимияси, Т., 1961; Юлдашев С. Х., Регуляция роста хлопчатника с помошью ретардантов, Т., 1977; Абдуллаев А. А., Омельченко М. В., Ғўза турлари, Т., 1977; П огосов Ю ., Рақимбоев О ., Ғўза ўстиришнинг янги усули, Т., 1977; Лифшиц Э. А., Муслимов С. М., Ғўзани суғориш, Т., 1980; Влияние внутрен-них и внешних факторов на физиологическое и биохимические процессь! хлопчатника, Т., 1981; Дариев А. С., Абдуллаев А. А., Хлопчатник: (Анатомия, морфология, происхождение), Т., 1985; Садмков А. С., Хлопчатник — чудо растение, М., 1985.

Loading...