ҒОЗОНХОН

ҒОЗОНХОН (1271-1304) – ҳулокуийлар сулоласидан бўлган Эрон ҳукмдори (элхони) (1295—1304). Ўсмирлик чоғидаёқ Хуросон ноиблигига тайинланган; 1295 й. элхон Байдуга қарши исён кўтариб тахтни эгаллаган. Буддавийлик таълимини олган, лекин Эрон зодагонлари ва руҳонийлари, кўчманчи мўғул зодагонларининг кўмагига эҳтиёж сезган Ғ. Исломни қабул қилган ва уни қайтадан давлат динига айлантирган. 1299—1303 й. ларда Ғ. Сурияга 3 марта ҳарбий юриш қилган.

Мўғуллар истилоси ва дастлабки элхонлар сиёсати натижасида вайрон бўлган мамлакат иқтисодини қайта тиклаш мақсадида Ғозонхон вазири Раши-дуддин ёрдамида бир қатор ислоҳотлар ўтказган (солиқ ислоҳоти — солиқлар миқдорини камайтириш, солиқ ундирилиши устидан назорат ўрнатиш; ягона ўлчов бирликларининг жорий қилиниши, суд ислоҳо-ти; ташландиқ ерларни обод қилиш учун имтиёзли шартлар билан мулкдорларга бериш). Ғозонхон ҳарбий хизматга жалб этилган барча мўғулларга иқто ажратиш ҳақида фармон чиқарган (1303 й. ёрлиғи); деҳқонларни ерга бириктирилиши ва б. ерга ўтишини ман этувчи мўгул хонлари томонидан жорий этилган фармонни тасдиклаган. Ғозонхон даврида каналлар қазилган, Табриз яқинида расадхона ва касалхона қурилган. Ғозонхон олимларга ҳомийлик қилган.

Loading...