ҒУБДИНТОҒ

ҒУБДИНТОҒ, Ҳабдунтоғ — жанубий Нурота тоғларидаги (Самарқанд вилояти) тизма. Шим. да Қўйтош ботиғи орқали Нурота тизмасидан ажралиб туради, жан. да Зарафшон водийси билан чегараланган. Ғарбдан шарққа 30 км га чўзилган. Ўртача бал. 700—1000 м. Энг баланд жойи 1672 м. Ён бағирлари сой, қуруқ ўзан ва жарликлар билан кесилган. Ғубдинтоғ палео-зой даври сланец, қумтош, оҳактошларидан ташкил топган антиклиналь структурадир. Иқлими континентал, қуруқ, қиши нисбатан совуқ, ёзи иссиқ. Йиллик ёғин 500 мм гача. Янв. нинг ўртача т-раси —2°, июлники 20—25°. Ғ. нинг ён бағирларида типик ва тўқ бўз, сувайирғич қисмида чймли, жигарранг тупроқлар тарқалган. Даштга хос турли ўт ўсимликлари ва сойлар бўйида буталар ўсади. Тоғ этаклари ва ён бағирларининг қуйи қисмлари баҳорикор деҳқончиликда ва яйлов сифатида фойдаланилади. Ғубдинтоғнинг шарқий қисмида Маржонбулоқ олтин кони бор.