ҲАФИЗОВ Наби (Уста Наби Ҳафизов, 1893 — Бухоро — 1959) — наққош ва мусаввир, биринчи ўзбек плакатчиси. Бухородаги биноларни нақшлар билан безаган. Ҳафизов рассомлик билан ҳам шуғулланган, замонавий мавзуларни тасвирлашда миниатюра санъати анъаналарини кенг қўллади. Матбуотда фаол иштирок этди, плакатлар яратди. Тош-босма усулида чоп этилган плакатларида ғоя ва мазмун содда, тушунарли ҳамда оммабоп қилиб ифодаланган. Ҳафизов плакатларидан намуналар бухоро вилоят ўлкашунослик музейида сақланади.