ҲАЖ (араб. — зиёрат) — исломнинг 5 асосий рукнидан бири. Ҳаж қилиш эсҳуши бутун, соғлом, балоғат ёшига етган ва оиласи нафақасидан ташқари сафар харажатларига кифоя қилгудек маблағи бўлган ҳар бир мусулмонга (умрида бир марта) фарз қилинган. Ҳаж қилувчи кишилар мийқот (эҳромни боғлаш учун олдиндан белгилаб қўйилган махсус жой) дан бошлаб тозаланиб, сочларини олиб ёки қисқартириб Маккага бориш учун ҳозирлик кўрадилар. Сўнгра эҳромга кириб 2 ракаат намоз ўқилади. Ҳажда Каъба 7 марта тавоф қилинади. Зиё-ратчилар ҳажар ал-асвад (қора тош)ни ўпиб, кейин Сафо ва Марва тепаликлари орасида 7 марта югурадилар, сўнгра замзам сувидан ичадилар. Арафа куни (зул-ҳижжа ойининг 9-куни) Ҳажнинг асосий маросими — Арафот водийси ва тогида туриш (вуқуф) бошланади. Зиёратчилар у ерда хутба эшитадилар, ибодат қила-дилар ва намоз ўқийдилар. Бу туриш кун ботгунча давом этади. Сўнгра ҳожилар Муздалифа водийсига йўл оладилар. У ерда тонгга қадар ибодат билан машғул бўлинади. Зул-ҳижжа ойининг 10-куни (қурбон ҳайити) дан бошлаб 3—4 кун Мино водийсида шайтонларга тош отилади ва жонлиқ сўйиб қурбонлик қилинади. Мадинага бориб Муҳаммад (сав) қабрини зиё-рат қилиш ҳам Ҳаж вақтида бажариладиган амалга айланган. Бир киши бошқа одам учун Ҳаж арконларини адо этиши ҳам мумкин. Бу ҳажжи бадал деб аталади. Вафот этган одам ҳамда моддий таъминланган, аммо саломатлиги ёки қарилиги туфайли Ҳаж зиёратига бора олмайдиганлар учун ҳажжи бадал қилиш мумкин бўлади.
Ҳадисга кўра, Ҳаж қилишнинг асосий қоидалари Муҳаммад (сав) томо-нидан 632 й. «Видолашув Ҳаж и» (Ҳаж-жат алвадоъ)да белгилаб берилган. Кейинчалик асосий ҳуқуқий мазҳаб намояндалари Ҳаж зиёрати қоидаларини ислом манбалари асосида батаф-сил ишлаб чиққанлар.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, юртимиз мусулмонларига Ҳаж амалини адо этиш учун имкониятлар яратиб берилди. 1991 й. да Ҳажга борувчилар 1500 кишини ташкил этган бўлса, 2004 й. да бу рақам 4000 дан ортиқни ташкил этди. Мустақиллик даврида 53056 киши Ҳаж ибода-тини адо этди (2005).