ҲАЖВИЯ

ҲАЖВИЯ — бадиий адабиёт турларидан; сатира ва юмор. Ҳажвий асарлар танқидий руҳда бўлади. Ўтмишда Шарқ халқлари, шу жумладан, ўзбек адабиётида, асосан, шеърият ва фольклорда мустақил жанр сифатида ривожланган. Уларда жамият ҳаётининг, шунингдек, айрим гуруҳ ёки шахсларнинг аксарият ёмон томонлари тасвирланади. Ҳажвияда танқид қилинувчи объектга қаратилган киноявий масхараловчи ёки фош этувчи кулги асарнинг ғоявий мундарижасини ва бадиий воситаларини белгилайди. Ҳажвия турли жанрларда ёзилиши мумкин. Мас, «Ўлик жонлар» (Н. В. Гоголь) ҳажвий роман шаклида, «Майсаранинг иши» (Ҳамза), «Сўнгги нусхалар» (А. Қаҳҳор) ҳажвий пьеса шаклида, «Ёвуз ниятли кишилар» (А. Че-хов), «Судхўрнинг ўлими» (С. Айний), «Қабрдан товуш» (А. Қаҳҳор) ҳажвий ҳикоя шаклида, «Тўйи Иқон бачча» (Муқимий), «Ҳажви йикчи эшон» (Завқий) ҳажвий шеър – шаклида, «Бизнинг мулоҳазаларимиз» (А. Қаҳҳор) ҳажвий фельетон шаклида ёзилган.

Ҳажвий асарларда воқеани бўрттириб тасвирлаш, муболаға ва фанта-зиядан кенг фойдаланиш характерли. Ҳажвия жамият ҳаётидаги айрим иллатларни йўқотишга, камчиликларни туза-тишга, олдини олишга хизмат қилади (яна қ. Сатира).

Loading...